Telegram видео қўнғироқларни жорий қилишни режалаштирмоқда
Технология
−
25 Апрель 2020
80142020 йил охиригача Telegram орқали видео қўнғироқларни амалга оширишга имкони пайдо бўлади. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилди.
Дуровнинг сўзларига кўра, дунёда видеоконференцияларни ўтказиш учун қулай ва хавфсиз дастурга эҳтиёж бор. Унинг айтишича, ҳозирги вақтда бу икки жиҳатга эга бўлган дастур йўқ.
“Ҳозирги глобал изоляция даврида ишончли видео алоқа воситасига эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Хавфсиз ёки қулай бўлган дастурлар мавжуд. Аммо иккала жиҳатга эга бўлган дастур мавжуд эмас. Биз буни тўғриламоқчимиз ва биз сизга 2020 йилда хавфсиз гуруҳли видео қўнғироқлар имкониятини тақдим этамиз“, дейди Дуров.
Маълум қилинишича, Telegram тармоғининг аудиторияси 400 миллион фойдаланувчини ташкил этади. Дуров таъкидлашича, COVID-19 эпидемияси тарқалиши ва чеклов чоралари жорий этилгандан сўнг, ҳар куни фойдаланувчиларнинг сони 1,5 миллионга кўпаймоқда.
Дуровнинг видеомулоқотга қизиқиши, яқинда Zoom видео қўнғироқ дастурининг машҳурлиги ошиши билан боғлиқ. Ушбу илова чеклов чоралари даврида кенг аудиторияга эга бўлди. Бироқ, Zoom маълумотларни шифрлаш протоколлари ишончсизлиги учун танқид қилинмоқда. Хусусан, Индонезия ҳукумати ушбу дастур орқали расмий учрашувларни ўтказишни тақиқлаб қўйди.