Теҳрон Зеленскийни Эронга қарши ташвиқот тарқатганликда айблади
Олам
−
28 Май 2023
7099Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб давлатларидан қўшимча ҳарбий ва молиявий ёрдам жалб қилиш учун Эронга қарши ташвиқот олиб бормоқда. Бу ҳақда кеча, 27 май куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани маълум қилди.
“Украина Президентининг Эронга қарши сохта баёнотларининг навбатдаги нусхаси Эронга қарши ташвиқот ва ахборот урушининг бир қисмидир. Бу Ғарб давлатларидан янада кўпроқ қурол ва молиявий ёрдам жалб қилишга қаратилган”, дейди Носир Канани.
Шунингдек, Эрон ТИВ вакили Теҳроннинг Россия ва Украина ўртасидаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишда иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлаган.
“Эрон ҳар доим Украинада давом этаётган урушга қарши эканини, Украина халқининг дарди ва изтиробига ачинишини, можарога сиёсий ечим топиш зарурлигини ва уни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлаб келади”, деган дипломат.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 24 май куни Зеленский Эроннинг Россияга дрон етказиб бераётгани сабабли тарихнинг қоронғу томонига борган сари чуқурроқ сурилаётганини айтган. Украина Президентининг баёнотини шарҳлар экан, Канани Теҳрон дронлардан фойдаланиш ҳақидаги айбловларни биргаликда ўрганишга тайёр эканини билдирган. Бироқ Киев эронлик экспертлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда.
“Украина Эрон билан музокаралардан қочади, бу эса даъволарнинг асоссизлигини, Республикага қарши бундай айбловларнинг аниқ сиёсий мақсадлари ва сабаблари борлигини тасдиқлайди", дея иддао қилади ТИВ вакили.
Маълумот учун, Москва ва Теҳрон Россия Украинада фойдаланиш учун Эрон дронларини етказиб бераётгани ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этиб келади. Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай хабарларни бўрттириш деб атаган ва Россия армияси маҳаллий ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланишини таъкидлаган. Ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян Теҳрон Россияга учувчисиз самолётларни етказиб берганини, бироқ бу Украинага босқин бошланишидан бир неча ой олдин бўлгани ва унчалик катта ҳажмда бўлмаганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 25 май куни Украина Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган 36 та дроннинг барчасини уриб туширганини эълон қилганди. Бугун, 28 майга ўтар кечаси эса Россия қўшинлари Эроннинг Shahed-136/131 учувчисиз самолётлари билан ҳаво ҳужуми уюштиргани ва учирилган 54 дрондан 52 тасини йўқ қилганини эълон қилинди.