ТДТнинг ҳозирги бюджети мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмас – Алиев

Олам

image

Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) ҳозирги бюджети олдинга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмас. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида сўз очди.

Илҳом Алиевга кўра, ТДТнинг ҳозирги бюджети олдинга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун етарли эмас. Хусусан, Озарбайжоннинг ТДТ котибиятига 2 миллион доллар ва Оқсоқоллар кенгашига 100 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдами ташкилот салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.  

Алиевнинг билдиришича, жорий йилда ТДТ асосини ташкил этган Нахичеван келишуви имзоланганига 15 йил тўлди. Бу давр мобайнида ташкилот ривожланишнинг муваффақиятли йўлини босиб ўтди. Шунингдек, ТДТ давлатлари раҳбарларининг Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган норасмий саммитида жорий июль ойида имзоланган “Қорабоғ декларацияси” ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўз ҳиссасини қўшади.

“Ҳозирда дунёда кучайиб бораётган таҳдидларни ҳисобга олсак, мудофаа, хавфсизлик ва мудофаа саноати соҳаларидаги ҳамкорлигимиз катта аҳамиятга эга. Яқинда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик идоралари ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилди. Қуролли кучларимиз иштирокида ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда. Биродар давлатлардан келган курсантларнинг ҳарбий таълим муассасаларимизда ўқиши ўзаро ишонч ва дўстлик белгиси ҳисобланади”, деди у.

Алиевга кўра, яқинда Шарқ-Ғарб транспорт йўлаги билан Озарбайжон ҳудуди орқали юк ташиш янада ортган. Шунингдек, мамлакат Марказий Осиё давлатларини ўз ҳудуди орқали Туркия билан боғлайдиган ушбу йўлакнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш учун инвестицияларни кўпайтирмоқда.

Билдирилишича, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 2023 йилнинг тегишли даврига нисбатан аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида транзит юк ташиш ҳажми деярли 15 фоизга ошган. Ҳозирда “Ўрта йўлак”ни рақамлаштириш ва савдони соддалаштириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса логистика самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтиришга ёрдам беради.

Алиев ўз нутқида Қорабоғ масаласига ҳам тўхталди. Унга кўра, ўтган 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон ўз суверенитетини тўлиқ тиклади. 30 йиллик босиб олинган давр мобайнида Арманистон ушбу ҳудудлардаги 9 та шаҳар ва юзлаб қишлоқларни бутунлай вайрон қилган. Ҳозир босиб олинган ҳудудларда кенг кўламли реконструкция ва қайта қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, “Катта қайтиш” дастури доирасида мажбурий кўчирилганлар ўз юртларига қайтмоқда. 

“Фурсатдан фойдаланиб, озод қилинган ҳудудларда биродарлик совғаси сифатида мактаб ва ижод маркази учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Венгрия давлат раҳбарлари ва ҳукуматларига яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Шунингдек, қурилиши режалаштирилаётган мактаблар учун ҳам раҳмат”, деди Озарбайжон етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу саммит доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатишни таклиф этгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Алиев ТДТ Қорабоғ декларацияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг