Тбилисида Президент митингга чиқди. Улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди
Олам
−
29 Ноябрь 2024 6209 2 дақиқа
Грузия хавфсизлик кучлари кеча, 28 ноябрь куни кечқурун Тбилиси марказида тўпланган намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
ИИВ махсус воситалардан фойдаланиш ҳақида огоҳлантириб, митинг "йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун доирасидан ташқарига чиққанини" айтди. Намойишчилар парламентга туташ ҳудуддан сиқиб чиқарилди. Айрим намойишчилар Грузия парламенти олдидаги майдонга қайтишга ҳаракат қилмоқда.
Грузия пойтахти марказида вақти-вақти билан намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юзага келиб туради.
Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томон турли хил нарсаларни улоқтирган, оқибатда ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган. Улардан икки нафари шифохонага ётқизилган.
Ўз навбатида, Грузия ОАВлари кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир газидан фойдаланиш оқибатида намойишчилар жароҳатланганини хабар қилмоқда. "Mtavari Arkhi" нашрининг хабар беришича, “Ўзгаришлар коалицияси” етакчиларидан бири Элене Хоштария жароҳатланган.
"Netgazeti" хабарига кўра, уларнинг мухбирига қалампир гази сепилган. Унда, шунингдек, етти нафар яраланган намойишчининг суратлари чоп этилган. “Публика” нашрининг ёзишича, унинг ходими Александр Кешелашвили ҳибсга олинган ва калтакланган, кейин эса гаров эвазига қўйиб юборилган ва шифохонага етказилган. TV Pirveli раҳбарияти оператор Нико Кокая билан содир бўлган воқеа учун Ички ишлар вазирлиги раҳбари Вахтанг Гомелаурини жавобгар деб топди. Дастлабки маълумотларга кўра, муштлашув чоғида Кокая бошидан жароҳат олган, шунингдек, кўздан ёш оқизувчи газни ютган.
“Озодлик” радиосининг Грузия хизматининг хабар беришича, махсус кучлар аскари унинг журналисти ва операторининг юзига урган. Намойишчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар бор.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 ноябрь куни Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида Бош вазир Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатганини эълон қилганидан кейин стихияли норозилик намойишлари бошланганди. Ираклий Кохабидзенинг айтишича, мамлакат кейинги тўрт йил давомида Европа Иттифоқининг ҳар қандай бюджет грантлари ва кредитларидан бутунлай воз кечади.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг музокараларни тўхтатиш қарори “бир неча ой аввал бошланган конституциявий тўнтаришнинг якуний нуқтаси бўлди”, деб атади. У ҳам намойишчилар билан учрашиш учун майдонга чиқди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь