Тайвань можароси: немис қонунчилари ҳам Хитойнинг жиғига тегишни бошлаяпти
Олам
−
30 Сентябрь 2022
7207Турли сиёсий партиялар вакиллари бўлган етти нафар германиялик депутатлар делегацияси 2-6 октябрь кунлари Тайвань маркази Тайбэйга боради. Бу ҳақда кеча, 29 сентябрь куни орол Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Делегацияга Тайвань билан алоқалар бўйича парламент гуруҳи раиси Клаус-Питер Уилш бошчилик қилади. У ва унинг ҳамкасблари орол маъмурияти бошлиғи Цай Инвэнь, унинг ўринбосари Уилям Лай, Ташқи ишлар вазири Жозеф У, қонун чиқарувчи юан (парламент) спикери Ю Сикун билан учрашади ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш учун илмий паркга ташриф буюради.
2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайбэйга ташрифи ортидан Тайвань атрофидаги вазият кескинлашди. У сафарини якунлаганидан бир кун ўтиб, Хитой Халқ озодлик армияси Тайвань сувларидаги олтита зонада жанговар снарядлар билан кенг кўламли ҳарбий машқларни бошлади. Шундан сўнг оролга яна бир қанча хорижий делегациялар, жумладан япон қонунчилари ва француз сенаторлари ташриф буюришди. ХХР бундай ташрифларни провокация ва Хитойнинг ички ишларига аралашиш деб баҳолади.
Маълумот ўрнида, Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолди. ХХРнинг аксарият давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган расмий позициясига кўра, орол Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади.
LiveБарчаси