Тайсон ва Холифилд Тошкентда тўқнаш келиши мумкин
Спорт
−
26 Сентябрь 2023
8935Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 12-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бутунжаҳон бокс уюшмасининг (WBC) 61-Конвенцияси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда машҳур бокс юлдузи Эвандер Холифилд ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Америка Қўшма Штатлари вакили бўлган Холифилд бокс бўйича ярим оғир вазнда Панамерика ўйинларининг кумуш медалчиси, 1984 йилда бўлиб ўтган ХХIII Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори ва 2017 йилдан буён Халқаро Бокс шон-шуҳрат зали аъзоси ҳисобланади.
У профессионал боксда ҳам юксак натижалар қайд этган бўлиб, 1988 йилда WBC, IBF, WBA йўналишлари бўйича мутлақ чемпионликни қўлга киритган. Эвандер Холифилд фаолияти давомида 57 та жангда рингга кўтарилиб, уларнинг 44 тасида ғалабага эришган. 10 та жангида рақибларига имкониятни бой бериб қўйган. Қолган 3 та жангидан 2 таси дуранг билан ўз ниҳоясига етиб, биттаси ҳисобга олинмаган.
Шунингдек, федерация Эвандер Холифилддан ташқари яна бир қатор бокс юлдузлари Тошкентга келишини билдирган. Уларнинг номлари эса тез орада эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри мезбонлигида бўлиб ўтадиган WBC'нинг 61-Конвенциясида машҳур бокс юлдузи Амир Иқбол Хон ҳамда Костя Цзю қатнашиши хабар қилинган эди. Шунингдек, мазкур тадбирга яна бир бокс афсонаси Майк Тайсон ҳам келиши кутилмоқда.