Тошкент ва Қўқонда наркотик тарқатган “закладчик”лар ушланди

3-саҳифа

−

image

Тошкент шаҳрининг Янгихаёт ва Яшнобод туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда 1,5 килограмм гиёҳвандлик воситаси ва 24 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тадбирлар ўтказилган.

Дастлаб Тошкентнинг Янгихаёт ва Яшнобод туманларида “закладка” усулида, географик координаталар орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган икки шахс қўлга олинган. Уларнинг бири муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланган, иккинчиси эса 1997 йилда туғилган.

Уларнинг ёнидан 55 грамм “гашиш” ва 24 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Шундан сўнг гумонланувчиларнинг яшаш манзиллари кўздан кечирилганда, хонадонларидан яна 430 грамм гашиш, зип-пакетлар ва электрон тарозилар топилган.

Шундан кейин тезкор тадбирлар Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида давом эттирилган. У ерда 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган шахс икки нафар шериги билан бирга харидорга 1 килограмм “гашиш” сотган вақтида қўлга олинган. Унинг шериклари 2000 ва 2003 йилларда туғилган.

Қайд этилишича, ўтказилган тадбирлар натижасида жами 1,5 килограмм “гашиш”, яъни 7 415 дозага тенг гиёҳвандлик воситаси ҳамда 24 дона “Регапен”нинг аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинган.

Ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида 5 килограмм 362 грамм “опий” моддасини сотишга уринган икки нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг