Тошкентдаги юлдузли бокс оқшоми. Тайсон нега Жалоловнинг жангини тарк этди?
Спорт
−
18 Ноябрь 2023
51671Тошкент яна бир йирик спорт анжуманига мезбонлик қилди. Беш кун давомида пойтахтда Бутунжаҳон бокс иттифоқининг (WBC) йиллик Конвенцияси бўлиб ўтди. Тошкентга келган афсоналар Майк Тайсон, Эвандер Холифилд ва ўзбек боксчиларининг профбоксдаги навбатдаги жангларига бугунги дастурда алоҳида тўхталамиз.
Ассалому алайкум. Сезганингиздек QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести.
12 ноябрдан 17 ноябрга қадар пойтахтда WBC'нинг йиллик 61-Конвенцияси ўтказилди. Конвенциянинг йиллик ҳисобот тадбирларида жаҳон бокси афсоналари иштирок этди. Жумладан Эвандер Холифилд, Александр Усик, Амирхон, Константин Цзю ва бошқа бир қатор бокс юлдузлари Тошкентда меҳмон бўлди. Афсонавий “темир” Майк Тайсон эса Тошкентга 16 ноябрга ўтар кечаси келди. Тайсоннинг Тошкентдаги саргузаштлари ҳақидаги дастурни эса QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида кузатишингиз мумкин.
Шунингдек, ҳафта давомида YouTube саҳифамизга Эвандер Холифилд ва Александр Усик билан интервью, ўзбек бокcчилари иштирокидаги матбуот анжуманлари ва face-to-face маросимларига оид эксклюзив лавҳалар бериб борилди.
Ҳозир эса эътиборни бошқа маълумотларга ва 17 ноябрь кунида бўлиб ўтган жанг оқшомига қаратсак.
Хўш, Тошкентга келиши кутилган меҳмонлардан кимлар пойтахтга келмади? Расмий тадбирлар бошланмасидан аввал профессионал бокс федерацияси ўз саҳифаларида британиялик таниқли боксчи, келгуси йил супероғир вазнда 17 февраль куни Саудия Арабистонида Александр Усик билан мутлақ чемпионлик жангини ўтказадиган Тайсон Фьюри Тошкентга келмади. Бунга сабаб сифатида, унинг жанг қилганига ҳали кўп вақт бўлмагани ва Лондонда Усик билан стердаунда иштирок этиши кўрсатилди.
Усик Тошкентдан тўғри Лондонга йўл олди ва у ерда Фьюри билан стердаунда иштирок этди.
Тошкентга шунингдек, англиялик яна бир машҳур боксчи Насим Ҳамид келиши кутилганди, лекин у ҳам WBC тадбирларида кўриниш бермади. Тожикистонлик машҳур блогер Абдурозиқ ҳам Ўзбекистонга келишни истамади чоғи, ташкилотчилар унинг ўрнига маҳаллий блогерларнинг хизматидан фойдаланди.
QALAMPIR.UZ'нинг маълумотларига кўра, Тошкентга келган меҳмонларнинг келди-кеттисига тахминан 600 минг АҚШ доллари атрофида пул сарфланган. Бу маълумотни 100 фоиз ишончли дея олмаймиз, балки янада аниқроқ маълумотлар бу сумманинг нолларини кўпайтирар.
17 ноябрь куни “Ҳумо арена”да ўзбекистонлик боксчилар иштирокида турнир бўлиб ўтди. Мейнкардда жанг қилган барча ўзбекистонлик боксчилар ғалабага эришди.
-57,1 кг вазн тоифасида ташкил этилган жангда Халоковга украиналик Александр Егоров рақиблик қилди. Ўзбекистонлик боксчи баҳснинг иккинчи раундида Украина вакилини техник нокаутга учратди ва ўзининг профбоксдаги дебютини муваффақиятли бошлади.
8 раундга мўлжалланган яна бир жангда минимал вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов хитойлик рақибини очколар ҳисоби билан мағлуб этди.
Ярим ўрта вазнда Қудратилло Абдуқаҳҳоров танзаниялик рақибидан устун келди.
Жанглар давом этаётган бир вақтда афсонавий Майк Тайсон “Ҳумо арена”га кириб келди. Унга Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимов, Олимпия ҳамда Паралимпия қўмитаси раҳбарлари ва бир қатор бошқа амалдорлар ҳамроҳлик қилди.
Отабек Умаров Бутунжаҳон бокс иттифоқининг йиллик 61-Конвенцияси доирасида Майк Тайсонга WBC чемпионлик камарини топширди, бироқ “темир” Майк Баҳодир Жалоловнинг жангини бошланишини кутиб ўтирмади ва бироз вақт ўтиб у жой олган машина “Ҳумо арена”ни тарк этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фарзанди Миралишер Мирзиёев ҳам "Ҳумо арена"га келиб, ўзининг севимли боксчиси Баҳодир Жалоловнинг жангини бошланишини интиқ бўлиб кутди.
Жалоловнинг жанги стартидан аввал кечанинг яна бир асосий меҳмони Эвандер Холифилдга Отабек Умаров ва Адҳам Икромов томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ниҳоят марказий жанг. Тахминан тунги 1 ларга яқинлашганда Жалолов ва унинг рақиби ЖАРлик Крис Томпсон рингга таклиф қилинди.
Баҳодир Жалолов ҳам “Ҳумо арена”га келганларни аренада узоқ қолишини истамади чоғи, рақибини 1 дақиқа-ю 10 сонияда нокаутга учратди. Ҳамма хурсанд, барча юқори кайфиятда мажмуани тарк этди. Отабек Умаров ва бошқа раҳбарлар, кечанинг бош қаҳрамони Баҳодир Жалолов миллий гвардия ходимларининг кузатуви остида мажмуадан чиқиб кетди.
Шундай қилиб Тошкент мезбонлик қилган йирик спорт анжумани ўз ниҳоясига етди.