Ташиев қамалди. У суддан норози
Таҳлил
−
03 июл 7832 7 дақиқа
“Катта тозалаш” ишлари якунига етди
Қирғизистонда Президент даражасида кўрилган Ташиев қамалди. 2 июль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди “75 лар хати” деб номланган шов-шувли жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Унга кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбдор деб топилди ва унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Худди шундай ҳукм яна етти нафар собиқ юқори мартабали амалдорга нисбатан ҳам чиқарилди. Улар орасида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси ҳам бор. Бундан аввал давлат айбловчиси судланувчиларга 9 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўраган эди. Суд нима учун собиқ аммалдорларга енгиллик берди?
Ташиев 4 йилга кесилди
2020 йилдан жорий йилнинг 10 февралига қадар Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бошқарган ва навбатдаги президент бўлиши мумкинлиги айтиб келинган Қамчибек Ташиев 4 йилга қамалди. Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди 2 июль куни Қирғизистонда катта шов-шувга сабаб бўлган “75 лар хати” иши бўйича қарорни эълон қилди. Суд муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтган бўлсада, ҳукм оммавий тарзда ўқиб эшиттирилди. Иш бўйича барча айбланувчилар, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенеш собиқ депутати Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенеш собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, жамоат арбоби Бекболот Талғарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоев, Жогорку Кенеш собиқ депутати Қурманбек Дийқанбоев, собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутат Али карашев, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш” моддаси бўйича айбдор деб топилди ва мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил муддатга пробация назоратига алмаштирилди. Шу сабабли, агар улар синов муддати талабларини бузишмаса, қамоққа олинмайди. Суднинг изоҳ беришича, бундай қарор жиноят охирига етказилмагани ва тайёргарлик босқичида қолгани инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Шунингдек, суд жиноий ниятнинг амалга ошириш даражаси ҳамда судланувчиларнинг шахсини ҳисобга олиб, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ҳам тузатиш мумкин, деган хулосага келган.
Судда таъкидланишича, пробация назорати жиноий жавобгарликдан озод қилишни англатмайди, балки унинг ижроси пробация органлари томонидан назорат қилинадиган жиноят-ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади. Шунингдек, суд иш бўйича барча айбланувчиларни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айблови юзасидан оқлади.
Февраль ойидан бери ҳибсда сақланаётган 5 нафар иш фигуранти: Бекболот Талғарбеков, Эмилбек Узоқбоев, Қурманбек Дийқанбоев, Аали Қарашев ва Курсан Асанов суд залидан озод қилинди. Мажлисдан сўнг журналистлар Қурманқул Зулушев ва Нурланбек Турғунбек ўғлидан изоҳ олишга уринган, бироқ улар саволларга жавоб бермасдан, автомобилларига ўтириб, чиқиб кетган. Қамчибек Ташиев ва Қурманқул Зулушевнинг адвокатлари суд қарорига рози эмасликларини ҳамда яқин орада унинг устидан апелляция киритишларини маълум қилди. Иш фигурантлари ўз айбларини тан олмаган.
“75 лар хати” тугатилди
Аввалроқ Qalampir.uz’нинг YouTube каналида ўша шов-шувли “75 лар хати” ҳақида бир нечта видеолар эълон қилинган эди. Бу воқеалар занжирининг учи эса бир пайтлар Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг энг яқин дўсти, мамлакат тарихидаги энг обрўли шахслардан бири экани айтилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг лавозимидан озод этлиши билан боғлиқ. 2020 йил октябрь ойида Жапаров ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига раҳбарлик қилди ва мамлакат бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. 2026 йилнинг февраль ойида Садир Жапаров Қамчибек Ташиев ва унинг ўринбосарларини истеъфога чиқарди. Бу воқеа 9 февраль куни интернет маконида Президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш сўрови битилган жамоавий мурожаат пайдо бўлганидан сўнг юз берди.
Хатни 75 нафар турли жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 10 февраль куниёқ Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари раиси лавозимидан маҳрум бўлди. Садир Жапаров унинг истеъфосини изоҳлар экан, жамиятда тарқоқлик ва бўлинишга йўл қўймаслик мақсадида шундай қарорга келганини айтган эди. Шундан сўнг, апрель ойида мамлакатда “катта тозалаш” ишлари бошланиб кетди. Қамчибек Ташиев ва бир қатор таниқли сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди.
Жапаров ва Ташиевнинг парчаланган тандеми
Токи мана шу воқеалар содир бўлгунига қадар мамлакатда Ташиевнинг обрўси иккинчи Президент даражасидек кўрилар эди. Биринчи навбатда Ташиев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг ҳокимят курсини эгалашида ҳам муҳим вазифани бажарган шахслардан бири ҳисобланади.
2020 йилнинг 5–6 октябрь кунлари Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларига қарши оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар Бишкекдаги қатор давлат биноларини эгаллаб, қамоқхоналардаги айрим сиёсатчиларни, жумладан Садир Жапаровни ҳам озод қилди. Жапаров ўз тарафдорлари, жумладан Қамчибек Ташиев кўмагида қамоқдан озод этилган. Шундан сўнг, Ташиев Жапаровнинг энг яқин сиёсий иттифоқчисига айланди ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Қамчибек Ташиев ўз интервьюларидан бирида: “Садир иккимиз бир тану, бир жонмиз. Бизни ҳеч ким айира олмайди”, – деган эди.
Ташиевнинг обрўси: нима учун халқ уни «Президент» сифатида кўрди?
Ташиевнинг халқ ичидаги обрўси унинг бир неча кескин ва популистик қадамлари эвазига ўсди. Улардан бири чегара масаласи. Тожикистон билан содир бўлган қуролли тўқнашувларда шахсан ўзи фронт чизиғида бўлиши ва “бир қарич ерни ҳам бермаймиз” қабилидаги риторикаси уни миллий қаҳрамон даражасига кўтарди.
2022 йилнинг 17 сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик можаро содир бўлган эди. Ўшанда иккала томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган ва ҳалок бўлган. Қуролли тўқнашув туфайли Қирғизистон 136 мингдан ортиқ фуқаросини эвакуация қилди, 87 киши жабрлангани айтилди. Тожикистон эса қирғиз томони жанговар вертолётлар ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида ҳужум қилаётганини билдирган эди. Хавотирли ва қонли бу жараёнда катта саҳнага Ташиев чиқди, отишма пайтида ҳам айнан манзилда бўлиши орқали, кейинчалик эса можарони тинчитишда ҳам у катта роль ўйнади.
Ҳозир собиқ деб айтилаётган амалдорнинг яна бир халқ томонидан олқишланган иши “кўча”га қарши чиқиши бўлди. Уюшган жиноий гуруҳлар ва коррупционерлар билан курашда “қўлларини кесамиз” каби кескин баёнотлари қатъиятни соғинган халққа маъқул келди. Айниқса, 2023 йилнинг 4 октябрида қирғизистонлик криминал авторитет “Коля қирғиз”, яъни Қамчибек Кўлбоевнинг Бишкекда ўлдирилиши “қора кучлар”га нисбатан бошланган тозалаш анча кескинлигини исботлади. Бу эса кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, Қамчибек Ташиев хайрия ишлари орқали ҳам ўз имижини яхши томондан танита олган. Унинг ёрдамчилари ва ўзи томонидан амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар, спортчиларни қўллаб-қувватлаши Ташиевнинг шахсий брендини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси доирасидан анча ташқарига олиб чиқди.
Хулоса қилиб айтганда, Қамчибек Ташиев иши Қирғизистон сиёсатида бир давр якунланганини англатади. Бир неча ой аввалгача мамлакатдаги иккинчи энг қудратли амалдор, Садир Жапаровнинг энг яқин иттифоқчиси ва эҳтимолий вориси сифатида кўрилган сиёсатчининг бугун суд ҳукми билан жазоланиши ҳокимият ичидаги кучлар мувозанати тубдан ўзгарганини кўрсатмоқда.
Суд Ташиев ва бошқа айбланувчиларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлаган бўлсада, “75 лар хати” иши билан бошланган жараён амалда Жапаров ҳокимияти ичидаги энг таъсирли сиёсий гуруҳнинг тугатилиши билан якунланди. Бир пайтлар “бир тану бир жонмиз” дея таърифланган Жапаров ва Ташиев тандеми бугун тарихга айланди.