Тарихда илк бор Италиянинг 27 шаҳрида қизил огоҳлантириш эълон қилинди
Олам
−
05 август 3035 2 дақиқа
Бугун, 5 август куни Италияда ёз мавсумидаги тўртинчи жазирама тўлқини кучайиши ортидан мамлакатнинг барча 27 йирик шаҳрида иссиқ бўйича энг юқори – қизил даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, қизил огоҳлантириш узоқ давом этадиган ўта юқори ҳарорат туфайли бутун аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф юзага келишини англатади. Бугун, 5 август куни 25 шаҳар қизил огоҳлантириш остида бўлган бўлса, эртага, 6 август куни яна икки шаҳар ушбу рўйхатга қўшилади.
Шу тариқа, жорий йилда илк бор Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги кузатувидаги барча 27 шаҳарда энг юқори даражадаги иссиқ бўйича огоҳлантириш амал қилади. Жумладан, Турин, Болцано, Милан, Генуя, Венеция, Верона, Триест, Болонья, Флоренция, Перужия, Рим, Неаполь, Анкона, Пескара, Бари, Кампобассо, Реджо-Калабрия, Палермо, Кальяри, Катания, Мессина, Брешиа, Чивитавеккья ва бошқа шаҳарларда қизил огоҳлантириш эълон қилинган.
Билдирилишича, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражага яқинлашгани сабаб фуқароларга соат 11:00 дан 18:00 гача қуёш остида бўлмаслик, имкони қадар салқин жойларда қолиш ва кунига камида 1,5 литр сув ичиш тавсия этилган. Шунингдек, газланган ичимликлар, қаҳва ва спиртли ичимликлардан воз кечиш, оғир овқат истеъмол қилмаслик ҳамда болалар ва ҳайвонларни автомобилда қаровсиз қолдирмаслик сўралган.
Қайд этилишича, сўнгги кунлардаги жазирама камида тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бундан ташқари, қурғоқчилик кучайиб, Пьемонт ва Ломбардиядаги 100 дан ортиқ шаҳарда ичимлик суви тақчиллиги юзага келган. Фермерларнинг айтишича, кучли иссиқ ҳосилдорликни пасайтириб, сут ишлаб чиқаришни ҳам 10 фоизга камайтирган.
Мутахассисларга кўра, иқлим ўзгариши туфайли Европадаги жазирама тўлқинлари тобора узоқроқ давом этадиган ва кучлироқ тус олмоқда.
Маълумот учун, қизил огоҳлантириш об-ҳаво билан боғлиқ хавфнинг энг юқори даражаси бўлиб, у узоқ давом этадиган ўта юқори ҳарорат инсонлар саломатлигига жиддий хавф туғдириши кутилаётган ҳолатларда эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда жорий йил бошидан буён юқори ҳароратлар оқибатида қарийб 10 минг киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиҚўйлиқда ҳам ёнғин содир бўлди
06 август
Ян Диоманде расман “Реал Мадрид”га ўтди
06 август