Германияда жазирама туфайли 10 мингга яқин инсон вафот этди

Олам

image

Германияда жорий йил бошидан буён юқори ҳароратлар оқибатида қарийб 10 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда DW хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 июль ҳолатига кўра, иссиқ ҳаво билан боғлиқ ўлимлар сони 9800 нафарга етган. Бу кўрсаткич 2016 йилдан буён тўлиқ йил давомида қайд этилган энг юқори натижадан ҳам ошиб кетган.

Мутахассисларга кўра, аввалги энг юқори кўрсаткич 2018 йилда қайд этилган бўлиб, ўша йили жазирама сабаб тахминан 8900 нафар инсон вафот этган.

Жорий йилдаги энг оғир давр июнь ойининг иккинчи ярмига тўғри келган. Ушбу даврда Германиянинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилган ва 5000 дан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.

Иссиқ ҳаво, айниқса, кекса ёшдагилар учун хавфли бўлган. Маълумотларга кўра, иссиқлик тўлқини билан боғлиқ ўлимларнинг асосий қисми 75 ёшдан катта инсонлар ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, аёллар орасидаги ўлим кўрсаткичи эркакларга қараганда юқорироқ бўлган, бу эса катта ёш гуруҳларида аёллар улуши кўпроқ экани билан изоҳланган.

Мутахассислар таъкидлашича, юқори ҳарорат одатда ўлимнинг ягона сабаби бўлмайди. Кўп ҳолларда жазирама мавжуд сурункали касалликлар билан бирга инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Германиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах иссиқлик тўлқинларига қарши тезкор чоралар кўришга чақирган. Унинг сўзларига кўра, асосий вазифа “сақлаб қолиш мумкин бўлган барча инсонларни асраш”дан иборат.

Лаутербах хавф остидаги аҳолига ўз вақтида ахборот ва ёрдам бериш учун иссиқлик билан боғлиқ махсус ахборот порталлари ҳамда ишонч телефонларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Германия касалхоналар жамияти тиббиёт муассасаларида совитиш тизимларини модернизация қилиш кераклигини билдирган. Ташкилот маълумотларига кўра, мамлакатдаги касалхона хоналарининг фақат кичик қисми кондиционер ёки бошқа совитиш ускуналари билан жиҳозланган.

Эслатиб ўтамиз, Франциянинг Париж ва унинг атрофидаги ҳудудларда июнь ойида кузатилган рекорд даражадаги иссиқ ҳаво тўлқини сабаб одатдаги кўрсаткичдан 1,5 мингдан ортиқ ўлим қайд этилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг