Европа дунёда энг тез исиётган қитъа – олимлар
Олам
−
12:43 715 2 дақиқа
Европанинг бир қатор давлатларида янги кучли жазирама тўлқини кузатилмоқда. Франция, Италия, Испания ва Буюк Британияда ҳарорат 35 даражадан ошди. Иссиқ ҳаво 135 миллиондан ортиқ одамга таъсир қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Буюк Британияда ҳаво ҳарорати 38,1 даражагача кўтарилиб, мамлакат тарихидаги энг иссиқ бешинчи кун қайд этилган. Франциянинг марказий қисмидаги Шатомейян шаҳрида эса термометрлар 42,5 даражани кўрсатган. Парижда ҳаво ҳарорати 38 даражага етган.
Иссиқ ҳаво Италиянинг ғарбий соҳиллари, По водийси, жанубий ҳудудлари ва оролларида айниқса кучли сезилмоқда. Мамлакатда қарийб 29 миллион киши 35 даражадан юқори жазирамага дуч келиши кутилмоқда.
Испанияда ҳам қарийб 25 миллион киши жазирама иссиқ таъсирида қолган. Мамлакат марказий ҳудудларида ҳарорат 37 даражагача кўтарилган.
Буюк Британиянинг марказий ва жанубий Англия ҳудудларидаги 40 та нуқтада ҳаво ҳарорати 36 даража ва ундан юқорини ташкил қилган. Метеорологлар мамлакат бу йил тарихдаги энг иссиқ ёзни қайд этиши мумкинлигини билдирган.
Иссиқ ҳаво тўлқини Европанинг турли ҳудудларида ўрмон ёнғинларини ҳам кучайтирмоқда. Грециянинг шимолида ўрмон ёнғини сабабли юзлаб сайёҳлар қайиқларда эвакуация қилинган. Англиянинг марказий қисмидаги Уэст-Мидлендс ҳудудида эса қурғоқчилик шароитида юзага келган ёнғинлар уй-жойларга зарар етказган.

Мутахассислар Европани дунёдаги энг тез исиётган қитъа деб ҳисобламоқда. Олимлар тобора тез-тез ва кучлироқ кузатилаётган жазирамаларни инсон фаолияти туфайли юзага келаётган иқлим ўзгариши билан боғламоқда.
Таҳлилларга кўра, Туркияни ҳисобга олмаганда, Европада қарийб 340 миллион кишига ҳаво ҳарорати 30 даражадан ошиши прогноз қилинган. 35 даражадан юқори ҳарорат эса 135 миллиондан ортиқ одамга таъсир қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, такрорий жазирама ва қурғоқчилик Европада ўрмон ёнғинларининг кучайишига, дарёларнинг сайёзлашишига ҳамда минглаб одамларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европада кузатилаётган кучли жазирама бир қатор мамлакатларни фавқулодда чоралар кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси