Европа “қайнамоқда”: иссиқлик тўлқини сабаб фавқулодда чоралар кучайтирилди
World
−
07 August 1871 3 minutes
Европада кузатилаётган кучли жазирама бир қатор мамлакатларни фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилди. Италия барча йирик шаҳарларида энг юқори қизил даражадаги иссиқлик огоҳлантиришини эълон қилган бўлса, Венгрия энергияни тежаш мақсадида давлат бинолари ва тарихий обидалардаги чироқларни ўчирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Европа дунёда энг тез исиб бораётган қитъа бўлиб қолмоқда. Жорий ёз мавсумида қитъада рекорд даражадаги ҳарорат сабаб йирик ўрмон ёнғинлари ва қурғоқчилик кузатилмоқда. Айниқса, Франция ва Испанияда ёнғинлар катта ҳудудларни қамраб олган.
Европа Иттифоқи мамлакатларни ўрмон ёнғинлари хавфини камайтириш учун табиатни муҳофаза қилиш ва профилактика чораларига кўпроқ маблағ ажратишга чақирган. Ҳисоб-китобларга кўра, ёзги ёнғинларнинг иқтисодий зарари аллақачон 15 миллиард евродан ошган.
Шунингдек, Болгарияда ҳам йирик ўрмон ёнғинлари қайд этилган. Кучли шамол алангани пойтахт Софиядан 70 километр узоқликдаги ҳудудларга олиб ўтганидан сўнг Тракия автомагистрали икки йўналишда ҳам ёпилган.
Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Палермо шаҳридан Болцаногача бўлган барча йирик шаҳарларда қизил хавф даражасини жорий қилган. Расмийлар узоқ давом этадиган юқори ҳарорат аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдиришини билдирган.
Ассиси шаҳрида Рим Папаси Лео иштирокидаги тадбирда жазирама сабаб зиёратчиларни совитиш учун уларга сув пуркалган. Римдаги сайёҳлар эса соябонлардан фойдаланиб, шаҳар фаввораларида салқинлашишга ҳаракат қилган.
Кеча, 6 август куни Италиянинг Эмилия-Романья минтақасининг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган. Равеннага яқин Банякавалло шаҳрида эса 42,8 даража иссиқ қайд этилган.
Венгрия ҳукумати энергия истеъмолини камайтириш мақсадида парламент биноси, Буда қалъаси ва Занжир кўприги каби тарихий объектлардаги декоратив ёритишни ўчириб қўйган.
Бундан ташқари, Дунай дарёсида сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши мамлакатдаги ягона атом электр станцияси фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган. Электр станцияси реакторларини совитишда дарё сувидан фойдаланилгани сабабли унинг қуввати қисқартирилган.
Руминия ҳам шунга ўхшаш муаммога дуч келмоқда. Мамлакат Дунай сувидан атом электр станциясини совитиш учун фойдаланишни давом эттириш мақсадида дарёга тош ортилган баржаларни чўктириш режасини ишлаб чиқмоқда. Бухарестда эса электр энергиясини тежаш учун кўча чироқларининг ёрқинлиги камайтирилиб, тарихий бинолар ва музейларнинг тунги ёритилиши ўчирилган.
Молдова ҳукумати ҳам аҳолини электр энергиясини тежашга чақирган. Акс ҳолда мамлакат электр танқислиги ва узилишлар хавфи билан юзлашиши мумкин.
Босния ва Герцеговинада эса жазирамада қочаётган сайёҳлар UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги Ветреница ғорини ўзига хос салқин масканга айлантирган. Йил давомида 11 даража ҳарорат сақланадиган ғор ёзнинг энг иссиқ кунларида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун салқин масканга айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда жорий йил бошидан буён юқори ҳароратлар оқибатида қарийб 10 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.