21 йил аввалги “қора кун”: 16 февраль воқеалари аслида қандай бўлганди?
Таҳлил
−
16 Февраль 2020
85372Ўрта авлод вакиллари 1999 йилнинг 16 февралини яхши эслайди. Тошкент осмони қора тутунлар билан тўлган ўша мудҳиш кунда мамлакатдаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган эди. Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида, хавфсизлик хизматидан тортиб, энг кичик идоралар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаган ушбу ҳодиса нафақат мамлакатнинг конституциявий ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат, балки шахсан Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган суиқасд эди. Бугун ўша мудҳиш кунга 21 йил тўлди
Илк портлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биносида содир этилди. Ўша куни Ҳукуматнинг 1998 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтиши ва унда давлат раҳбари Каримов иштирок этиши режалаштирилганди. Ўша вақтда Президент матбуот котиби ва Олий Мажлис депутати бўлган Азамат Зиё бу воқеаларни шундай эслайди:
“Ўша куни тахминан 09:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен Президент соқчиларининг биридан Президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи Президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди”.
Бу портлашлардан кейин хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизматлари воқеа жойларига етиб келишди ва ўз бурчларини адо этишга киришди.
Ўзбекистон тарихига ёзилган ўша қонли кунда бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди, юзлаб инсонлар яраланди.
Воқеа ҳақидаги хотираларини давом эттираркан Азамат Зиё шундай дейди:
“Президент орқага қайтиб кетди деганларидан кейин мен Президент Девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, Президент кабинетидаги хоналар ҳаммаси зирҳланган ойналар эди. Улар тарам-тарам бўлиб кетганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин мен Ислом акага бошқа хавфсизроқ жойга ўтасизми, балки, десам у киши сен бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин дедилар.
Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир, деди. У киши ҳар қандай шароитда, нима бўлмасин ўз ҳаёт принципларидан воз кечмаслигини айтиб, воқеа жойларига кетди”.
Ҳали террорчилик ҳаракатлари давом этаётган, хавф яқин келиб турган пайтда Президент воқеа жойларига бориб, вазият ва у ердагиларнинг аҳволи билан танишди. Сўнгра қуйидаги интервьюни берди:
“Мана шу бинода шакастланган, керак бўлса ярадор бўлганлар билан гаплашиб буларнинг олдини олиш керак. Халқимизга, аҳолимизга мана шу ердан туриб мурожаат қилмоқчиман, ваҳима бўлмасин.
Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади. Буларнинг ҳаммасини, айтайлик, жой-жойига қўйиш, керак бўлса, бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, қўлини кесиб ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин”.
Азамат Зиё сўзини давом эттириб, воқеалар хронологиясини қуйидагича эслайди:
“Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлиси бўлиши керак эди. Шу мажлис барибир бўлди. Соат 13:00 да Олий Мажлис биносида бўлди”.
Бу қўпорувчилик ҳаракати, аввало, мамлакатдаги хавфсизликни бузиш, ёшлар онгига диний ақидаларни сингдириш, тинч аҳолининг ҳаётига раҳна солишга қаратилган террорчилик хуружи эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
21 йил аввалги “қора кун”ни ўша вақтлардаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов эсларкан, бундай қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун ақлли бўлиш шартмаслигини айтиб ўтди.
“Биласизми, террористик ҳаракатларни содир этиш учун жуда катта ақлнинг кераги йўқ. Ё белига бомба боғлаб ўзини шаҳид қилади ёки... Инсоннинг онггини шунчалар заҳарлашадики ўз халқига қурол кўтаради, қўпорувчилик натижасида зиён етказади”, дейди Зокиржон Алматов.
Ўз сўзида давом этиб, ўқиб мулла бўлмаган ёки спорт билан шуғулланмаган, характери ожиз, заиф, иродасиз инсонлар террорчилар сафига қўшилиб, халқига қарши қурол кўтаришини айтади:
“1999 йилларда содир этилган 16 февраль воқеасига келсак, хўш, бу кимлар томонидан содир этилди? Андижон, Наманган яна бошқа 1-2 вилоятлардан чиққан йигитларимиз Чеченистонга бориб қолишган. Ана ўша ердаги урушда қатнашиб, араб фуқароси бўлган Хаттаб деган террорчининг қўлига тушиб қолишади. Шуни тарбиясини олиб, лагерда тайёргарликдан ўтиб, махсус портловчи моддалар билан ишлашни ўрганиб, Ўзбекистонга келиб, террорчилик ҳаракатларини содир этишган. Кутилмаган пайтда, кутилмаган аҳволда содир бўлган. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон Президентига суиқасд ўтказиш, халқни ичида нотинчлик юзага келтириш ва яна бошқа салбий оқибатларга олиб келиш эди. Қайси ўзбек ўз халқига хиёнат қилиб, қонини тўкади?”, дейди Алматов.
Зокиржон Алматовнинг таъкидлашича, ўша пайтда бу воқеа Ҳукуматни довдиратиб қўймаган. Шу куннинг ўзида махсус режа билан иш бошланган. Халққа ҳамма нарса адолатли етказилган ва мудҳиш жиноятни кимлар содир этиши мумкинлиги айтилган.
“Олий Мажлисда бўлган йиғилишда давлатимиз раҳбари буни халққа эълон қилди. Жиноятлар қайси экстремистик ташкилот томонидан содир этилишини изоҳлаб берди. Ана шу пайтда қаердан бўлса ҳам жиноятни содир этган жиноятчиларни топиб, зарарсизлантириш, Ўзбекистонга олиб келиш масаласи бизнинг олдимизга қатъий вазифа қилиб қўйилди. Қисқа вақтда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз жиноятчиларнинг изига тушдик”, дейди собиқ вазир Зокиржон Алматов.
16 февраль воқеалари ўша давр мутасаддилари хотирасида ўчмас тамға бўлиб қолгани табиий. Зокиржон Алматов давлат раҳбаридан жуда катта танбеҳ эшитганини хотирлади.
“Давлат раҳбаридан жуда катта танбеҳ эшитдик. Бу ҳолат халқимиз орасида норозиликка сабаб бўлди. Ички ишлар идоралари ходимлари қаёққа қаради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, махфий хизмат қаёқда эди, деган ҳар хил салбий гапларни, иддаоларни эшитдик. Агар биз ўша пайтда довдираб, вазиятни издан чиқариб юборсак, тўғри келмас эди. Оператив маълумотларга эга бўлмаганлигимиз оқибатида шу воқеалар содир бўлди. Халқимизнинг қони тўкилди. Иқтисодий зарар етказилди.
Биз айбни ўз бўйнимизга олдик. Лекин ундан кейин бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун мен жуда катта йиғилишда, Ўзбекистон телевидениесида, Олий Мажлисда халқимизга узримни ҳам айтиб ўтдим. Халқимиз бизга ишонди. Жиноятчилар фош этилди. Кўпчилиги Туркия, Россия, Қозоғистан давлатларидан Тошкентга олиб келинди. Уларнинг ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилди”, дейди Алматов.
Яқинда “Ўзбекистон овози” газетаасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг айни вақтда АҚШда истиқомат қилиб келаётган журналист ва собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад ва Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг қилмишлари, Ўзбекистонда давлат тўнтаришни уюштиришга бошчилик қилганинига оид мақоласи эълон қилинди.
Журналист ушбу воқеалар ва суд материаллари билан шахсан таниш бўлганини айтиб, қуйидаги хотираларини баён этади:
“Жаҳонгир Маматов ва унинг ҳамтовоқлари бундан хурсанд бўлишарди. Улар бутун дунёда Ўзбекистон раҳбарига ишончсизлик уйғотиш орқали уни жазоламоқчи бўлишди. Ўч олиш мақсади шу даражада худбинлашиб, ёвузлашдики, улар террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишди. 1999 йил 16 февраль Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида Ислом Каримов ва республиканинг барча раҳбарларини йўқ қилиш ниятида уюштирилган террористик актда ҳозир чет элда туриб, ўзини эркпарвар, инсонпарвар кўрсатиб Ўзбекистондаги камчиликлар тўғрисида тўхтовсиз вайсаётганлар ҳам бор эди.
Ўшанда Вазирлар Маҳкамаси биноси қуласа, республиканинг барча даражадаги биринчи раҳбарлари, вилоят раҳбарлари, масъул ходимлар ҳалок бўлиб, республика бошсиз қоларди. Бу портлашни халқаро террорчи тўдалар билан биргаликда Туркияда қочиб юрганлар уюштирган эди. Мен ўша судда шахсан қатнашганман. Туркиядаги “ватанпарварларимиз” бу портлашни қанчалик сабрсизлик билан кутишгани, бино қуламагани, Ислом Каримов тириклигини эшитгач, уларнинг ҳафсаласи пир бўлгани, ташкилотчилардан бири “Эссиз, етти йиллик меҳнатим зое кетди”, деб афсусланганини судланганлар айтиб беришганди.
Қаранг, улар бино портламаганидан афсусда, яъни юзлаб бегуноҳ одамлар ўлмай қолганидан афсусда. Бино қулагач, Туркияда юрганлар Амударёнинг нарёғида тўпланиб турган толибонлар ёрдамида Ўзбекистонга бостириб киришмоқчи эди. Ўзимиздаги экстремистлар ҳам беркитиб қўйган қуролларини олиб, кўчага чиқишарди. Давлат тўнтариши бўларди, фуқаролик уруши бўларди, қиёмат қойим бўларди.
Ўз ватанига, халқига шундай даҳшатни, ёвузликларни раво кўрганлар бугун яна демократия ниқоби остида туриб, уялмай-нетмай ваъзхонлик қилишяпти. Ўша воқеалардан буён замон ўзгарди, неча ёз, неча қиш ўтди, қанча қорлар ёғди... Излар босилди, деб ўйлаяпсизларми?
Ҳаётда унутиладиган, кечириладиган воқеалар бўлади, Ватанга, халққа хиёнатни унутиш, кечириш қийин, жуда қийин”.
Сўнгги сўз ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, бундан 21 йил илгари содир этилган бу қўпорувчилик ҳаракати, аввало, мамлакатдаги хавфсизликни бузиш, ёшлар онгига диний ақидаларни сингдириш, тинч аҳолининг ҳаётига раҳна солишга ва мустақилликка эришганига кўп бўлмаган ва мақсади сари дадил қадам ташлаб бораётган мамлакатнинг эртасига қаратилган террорчилик хуружи эди.
LiveБарчаси