“Taftish.uz” сайтининг собиқ раҳбари қамоққа олинди
3-саҳифа
−
07 Ноябрь 2023
13389“Taftish.uz” сайтининг собиқ раҳбари Ғайрат Абераев қамоққа олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Бекзод Шарипов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унга кўра, Прокуратура департаментининг Шофиркон туман бўлими томонидан Ғайрат Абераевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, Абераев тумани ҳудудида яшовчи фуқароларни алдаб, “Taftish.uz” сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига кўп миқдордаги пулларни олиб, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Қуйида Абераевга қўйилаётган айбловлар келтирилган:
• Ғайрат Абераев 2020 йил октябрь ойида муқаддам Конимех туманидаги “А.И.” МЧЖ раҳбарига қарашли бўлиб, кейинчалик туман қоракўлчилик ширкати балансига ўтказиб юборилган 1400 гектар яйлов ерларини фермер хўжалиги номига қайта расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган;
• фуқаро М.С.га Жиноят кодексининг 105-моддаси билан содир этган жинояти учун “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган вақтда унинг отаси И.С.га ўғлини қамоқдан чиқаришга ёрдам беришини айтиб, унинг 5 минг долларини пора сифатида олган;
• фуқаро Қ.Х.дан туман ҳокимлиги захирасига олинган 1800 гектар яйлов ерларни унинг ўзига қайтариб олишда ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига ундан жами 22 минг доллар олган;
• 2022 йилнинг апрел ойида фуқаро А.Ҳ.нинг Андижон вилояти (Миллий гвардия)да ишловчи укаси А.Ҳ.нинг ишини Бухоро вилоятига кўчириб бериш эвазига ундан 8 минг доллар олган;
• 2021 йилда Ж.У.дан 10-15 кунда қайтариб бериш шарти билан 500 доллар олиб бугунги кунга қадар бермаган.
Абераев юқорида қайд этилган ҳолатларда фуқароларни алдаш йўли билан уларнинг жами 33,3 минг доллар миқдоридаги пулларини ўзлаштириб, талон-торож қилишда айбланмоқда.
Ушбу ҳаракатлари учун унга нисбатан кеча, 6 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, ҳамда 25,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Пешку тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ғайрат Абераев билан боғлиқ хабар Бухоро вилоят прокуратурасининг Telegram'даги каналида расман эълон қилиниб, сал ўтмай ўчириб юборилгани ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бекзод Шарипов бу вазиятни қуйидагича изоҳлади.
“Билмайман, каналимизга хакерлар ҳужум қилган кўринади. Админлигим ўчиб кетган, ҳеч нарсани ўзгартира олмаяпман. Бу бўйича ходимларимиз тегишли чораларни кўрмоқда, тез орада бартараф этилади”, дейди у.
QALAMPIR.UZ шунингдек, мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Taftish.uz” сайти янги раҳбарининг биринчи ўринбосари Сардор Ҳомидов билан боғланди.
Унинг сўзларига кўра, Ғайрат Абераев жорий йилнинг сентябрь ойида ўз лавозимидан бўшаган бўлиб, юқорида гумон қилинаётган жиноятларни иш фаолиятидан ташқарида, яъни сайтга асос солинмасидан аввал ёки унинг фаолиятига умуман алоқадор бўлмаган бошқа вақтларда содир этган бўлиши мумкин.
“Бу сайт мамлакат ҳудудида расман рўйхатдан ўтган ва ҳар қандай иш фаолиятини қонун доирасида олиб боради. Ғайрат ака айбдор деб топилган тақдирда ҳам, бу нашрнинг кейинги тақдирига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди”, дейди Сардор Ҳомидов.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15