Тадбиркорларга “Бизнесни ривожлантириш банки”га улушдор бўлиб кириш ҳуқуқи берилади
Жамият
−
18 Август 2023
3482Эндиликда Ўзбекистонда кичик бизнес марказларини бошқаришга хусусий шериклар жалб қилинади. Шу орқали тадбиркорларга “Бизнесни ривожлантириш банки”га улушдор бўлиб кириш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Айтилишича, кичик бизнес марказлари кўмагида лойиҳа ташаббускори ва йирик давлат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилади. Бунда янги корхоналарда замонавий технологияларни жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳсулотини реализация қилишга марказлар ёрдам беради. Шу билан бирга ушбу корхоналарга давлат харидлари тизимида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни 2 йил давомида тўғридан-тўғри шартнома билан сотишга рухсат этилади.
Шунингдек, марказларга хорижий мутахассислар олиб келинади. Бунда бизнес-консультант, муҳандис-технолог, дизайнер, меҳмонхона бошқарувчиси, маркетолог, агроном, ветеринар, уруғшунос каби хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бериш муддати ҳозирги 1 йилдан 3 йилга узайтирилади. Ишлашга рухсатнома тўлови эса ҳозирги 10 миллион сўмдан 330 минг сўмга туширилади. Уларга ҳудудий меҳнат органидан ишга жалб этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш талаб қилинмайди.
Билдирилишича, марказ билан ҳамкорликда кичик бизнес лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар соддалашган тартибда белгиланади. Банк ҳам, марказ ҳам янги лойиҳа даромад келтириб, тадбиркор фаолияти ривожланишидан манфаатдор бўлиши учун янги кичик бизнес лойиҳаси ишга тушгач, икки йил давомида улардан тушадиган барча солиқлар “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг айланма маблағи учун ўтказилади. Яъни, тадбиркор қанча кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади.
Таъкидланишича, ушбу дастурда исталган давлат ва хусусий банклар иштирок этиши, ўзлари ҳам ресурс жалб қилиши мумкин. Банкларнинг дастур доирасида олган фойдаси солиқ базасидан чегириб ташланади. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан яна 500 миллион доллар жалб қилинади.
Қайд этилишича, ушбу ташаббуслардан бир йил ичида камида 150 мингта кичик бизнес субъектларини “оёққа турғизиш”, камида 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 минг янги доимий иш ўринларини яратиш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ айнан шу тадбирда Республикадаги “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилгани айтилганди.
LiveБарчаси