Сўроқ остида қолган бокс тақдири – Спорт дайжести
Таҳлил
−
10 Ноябрь
6675Ўзбекистонда доим трендда турадиган спорт турларидан бири бокснинг келажаги сўроқ остида. Ўзбекистон олдида танлов қилиш учун 2 та йўл бор эди, ё янги асос солинган ташкилотга аъзо бўлиб, кейинги Олимпиадада қатнашиш учун эҳтимолий имкониятга эга бўлиш ёки россиялик Умар Кремльёв раҳбарлигидаги IBA аъзолигида қолиб, Олимпиадани унутиб, Халқаро бокс ассоциацияси турнирларида қатнашиб юриш. Ўзбекистон бу борада ўз танловини қилди ва ўйлаймизки, бу танлов ўзбек бокси учун манфаатли бўлади.
Ассалому алайкум. Чарм қўлқоп мухлислари учун муҳим воқеаларга бой бўлган ҳафта воқеалари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Мелиқўзиев профессионал боксда навбатдаги жангини ўтказди
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиев чемпионлик камари учун 3 ноябрь куни АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида америкалик Дэвид Стивенсга қарши рингга кўтарилди ва уни очколар ҳисобига мағлуб этди.
Мелиқўзиев тезлик борасида рақибини ортда қолдирди. Ўзбекистонлик боксчи ўз услубида рақибнинг тана қисмига тажовузкорлик билан ҳужум уюштирди ва яқин масофадан кросс зарбалар беришга таянди. Рақиб буни олдиндан кўриб туриши мумкин бўлса ҳам зарбаларни ўтказиб юборди. У нисбатан суст ҳаракатланди.
12 раунд тўлиқ давом этган муросасиз жангда Мелиқўзиев ҳакамларнинг қарори билан очколар (118-110, 117-111, 112-116) ҳисобига кўра ғалаба қозонди ҳамда иккинчи ўрта вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) чемпионлик камари учун расмий ва мажбурий даъвогарга айланди.
Жанг якунига қадар 28 ёшли Мелиқўзиев ҳам, 24 ёшли Стивенс ҳам профбоксда бир хил, 14-1 статистикага эга эди. Мелиқўзиевнинг ғалабаси билан ҳисобда фарқ юзага келди. Бу Бектемир Мелиқўзиевнинг фаолиятидаги 15-ғалабаси бўлди.
Мелиқўзиев охирги жангини апрель ойида ўтказиб, франциялик Пьер Хубер Дибомбени мағлубиятга учратган бўлса, Стивенс июнь ойида аргентиналик Серхио Лопседан устун келган эди.
Шаҳрам Ғиёсовнинг чемпионлик жанги Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов ва литвалик Эймантас Станионис ўртасидаги Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун жангининг Ўзбекистонда ўтказилиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, айни пайтда WBA чемпионлик камари учун кечадиган ушбу жангни Ўзбекистонда ўтказиш учун промоутерлар музокараларни бошлаган. Жангнинг промоутерлик савдоси 19 ноябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда WBA расмий сайти хабар берди.
Даставвал яримўрта вазн тоифасида WBA чемпиони Эймантас Станионис ҳамда мажбурий даъвогар Шаҳрам Ғиёсов жангига буйруқ берилган эди ва томонлар 1 ой ичида жанг санаси ва манзили бўйича келишиб олиши кераклиги белгиланди.
Бир ой муддат ичида боксчилар жамоаси келишувга эриша олмаганидан кейин 8 ноябрь куни промоутерлар ўртасида кимошди савдоси ўтказилиши керак эди, бироқ жамоалар таклифига кўра, аукцион 19 ноябрь санасида ўтказиладиган бўлди.
Аҳмадалиевнинг рақиби энди Турки-Ал-Шайх билан ҳамкорлик қилади
Биринчи енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ (28-0, 25 КО) “Riyadh Season” компанияси билан ҳомийлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда Саудия Арабистони Кўнгилочар ишлар бўйича бош бошқармаси раиси Турки Ал-Шайх маълум қилди.
Маълум бўлишича, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик келишуви 19,7 миллион долларни ўз ичига олади.
Иноуэ навбатдаги жангини 24 декабрь куни Токиодаги Ариаке Аренада ўтказади. Мутлақ жаҳон чемпионининг рақиби австралиялик Сэм Гудман бўлади. Ўзининг сўнгги жангида Иноуэ WBA рейтингининг кучли бешлиги вакили, IBF йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони 37 ёшли ТЖ Доҳенини мағлуб этди. Жанг еттинчи раундда Иноуэнинг техник ғалабаси билан якунланди. ТЖ белидаги жароҳат туфайли жангни давом эттиришдан бош тортди.
Қайд этиш жоиз, Иноуэ Гудман билан жангдан кейин бу вазнда собиқ WBA ва IBF камарлари соҳиби ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев билан жанг қилиши керак. Ўз навбатида, Аҳмдалиев япониялик рақиби билан жанг қилиш учун аввало мексикалик 27 ёшли Рикардо Эспиноса Франкони таслим этиши, Иноуэ эса Гудман билан жангда ғалаба қозониши лозим.
Ўзбекистон World Boxing ташкилотига аъзо бўлди
Ўзбекистон ҳаваскор боксни тартибга солувчи халқаро спорт ташкилоти – World Boxing'га аъзо бўлди. Бу ҳақда Американинг Колорадо Спрингс шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон бокс халқаро федерацияси конгрессида маълум қилинди.
Ташкилотга Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Гватемала ва Лаос ҳам қўшилди. Бугунги кунда 2023 йил апрель ойида ташкил этилган янги ташкилот 55 давлатни ўз ичига олади.
Гарчи World Boxing ташкилоти аъзолигини қабул қилган бўлса ҳам, ўзбекистонлик боксчилар IBA турнирларида қатнашишда давом этади, жумладан ўзбек боксчилари шу ой IBA томонидан Иорданияда ўтказиладиган Осиё чемпионатида ҳам қатнашади.
Россиялик Умар Кремльёв раҳбарлик қиладиган IBA ташкилотини Халқаро Олимпия қўмитаси тан олмайди, шунинг учун ХОҚ 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпиада баҳсларидан бокс турини чиқариб юборди.
LiveБарчаси