Сурхондарёда талаба қиз ҳали туғилмаган ўғлини сотмоқчи бўлди
Crime
−
15:00 2312 2 minutes
Сурхондарё вилоятида университет талабаси ҳали туғилмаган фарзандини контракт тўлаш учун сотмоқчи бўлди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, Термиз шаҳридаги университетнинг учинчи босқич талабаси Ж.С. жорий йилнинг бошида туғилган фарзандини сотиш ва пулни ўқишининг йиллик тўловларига ишлатишни режалаштирган. У ўғлига харидор қидириб, январь ойининг бошларида Ж.Г. исмли аёл билан танишиб қолган. Судланувчи унга ҳали туғилмаган фарзандини сотиб, пулни ўқишининг йиллик тўловлари учун сарфлаши зарурлигини айтган ва ўғлини 1 минг 500 АҚШ долларига сотиб юборишга келишган. Судланувчи жорий йилнинг 15 январь куни Термиз туманидаги туғуруқхона биносида келишилган пулларни олган вақтида вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Жорий йилнинг 26 март куни Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда Ж.С. айбига иқрор бўлган ва бир йигит уни алдагани сабабли хомиладор бўлиб қолганини, оила аъзоларининг бундан хабари бўлмаганини айтган.
Суд ҳукмига кўра, Ж.С. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. Унга 6 йил муддатга озодликдан марҳум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида 2014 йилда туғилган фарзандини 40 млн сўмга сотмоқчи бўлган 30 ёшли аёл 3 йил 6 ойга озодликда маҳрум қилинганди.
Live
All