Сурхондарёда бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди
3-саҳифа
−
27 Февраль
6405Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида бир оиланинг 6 аъзоси ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Воқеа жорий йилнинг 25 февраль куни туманнинг Дуоба маҳалласида содир бўлган. Шу куни тахминан соат 10:30 да темирдан қўлбола ясалган печдан ис гази чиқиши оқибатида 1980 йилда туғилган Ж.Х. (эркак) ва унинг фарзандлари Ж.М. (ўғил, 2013), Ш. М. (қиз, 2016), С.М. (қиз, 2018) ухлаб ётган вақтида димиқиб, воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, 1986 йилда туғилган З.Н. (аёл) ва 2008 йилда туғилган Н.М. (қиз) Бойсун туман тиббиёт бирлашмасига қарашли жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 16 ёшли қиз бугун, 27 февраль куни соат 10:45 ларда туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
“Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари Бойсун туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида бир оиланинг 6 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этганди.