Сурхондарё вилояти ҳокими сабаб “Сурхон” Про лигага тушиб кетиши мумкин
Спорт
−
25 Март 2023
14833Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) “Сурхон” футбол клуби ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигига мавжуд қарздорлик юзасидан ўзининг сўнгги хавотирини расман билдирди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 январдаги “Сурхон ПФК” масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги давлат улушини “FC-Surhan” масъулияти чекланган жамиятига сотиш тўғрисида”ги 4-сон қарорига мувофиқ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги зиммасига “Сурхон ПФК” масъулияти чекланган жамиятининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текширувини ўтказиб, клубнинг аниқланган кредитор қарздорлигини 2023 йилнинг 10 январига қадар бартараф этилишини таъминлаш юклатилган бўлсада, ҳозирги кунга қадар қарздорлик тўлиқ бартараф этилмаган.
“Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур қарор ижросини бажаришга киришгани, “Сурхон” футбол клубининг молиявий-хўжалик фаолияти тўлиқ ўрганилгани, футбол клубига тегишли қарздорликнинг ҳақиқий миқдорига аниқлик киритилгани Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига маълум. Шунга қарамай, қарздорлик ҳозирги кунга қадар сақланиб тургани Лигани хавотирга солади”, дейилади хатда.
Маълум бўлишича, олдиндан тасдиқланган тақвим режага мувофиқ, Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш жараёни жорий йилнинг мартига қадар якунланиши керак эди. Кейинчалик ЎзПФЛ сўровига асосан мазкур жараён фақатгина Ўзбекистон учун 30 март кунига қадар узайтирилган.
“29 мартга қадар “Сурхон” футбол клубининг собиқ футболчи ҳамда мураббийлари олдидаги қарздорлиги бартараф этилмаса, Осиё футбол конфедерациясининг AFC CLAS платформасида бу борада очилган қарздорлик бўйича бандлар ёпилмай қолади ҳамда клубнинг лицензиялашдан ўта олмаслигига сабаб бўлади. Агар “Сурхон” футбол клуби жорий йилги мавсумда Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш жараёнидан ўта олмаса, Суперлигада қайси ўринни эгаллашидан қатъи назар ўз фаолиятини келгуси мавсумда қуйи лигада давом эттириши “Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 10.2-бандида ўз аксини топган”, дейилади ЎзПФЛ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни “Сурхон” футбол клубининг 2019-2022 йилги молиявий фаолияти Давлат молиявий назорати томонидан ўрганилаётгани хабар қилинганди. Ўтган йиллар давомида бюджет томонидан клубга ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфлангани ва “Сурхон” футбол клубида ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилган келишувлардан ташқари қўшимча шартномалар имзолангани маълум бўлганди.
LiveБарчаси