Сурияда Эрон ҳарбий қўмондони ўлдирилди
Олам
−
28 Ноябрь
3181Сурияда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий маслаҳатчилари қўмондони, генерал-майор Киямурс Ҳошимий ҳалок бўлди. Бу ҳақда SNN телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, эронлик юқори мартабали ҳарбий хизматчи Суриянинг Алеппо шаҳри ҳудудида бўлган. “Fars” ахборот агентлигига кўра, у ушбу шаҳарда ёлланган террорчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот хизмати ҳам Ҳошимийнинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган ва унинг оиласи ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдирган. Идоранинг қайд этишича, у Суриядан аввал Ироқда хизмат қилган.
“Reuters” нашрига кўра, Сурия жангарилари ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли операция ўтказиб, Алеппо вилоятининг шимоли-ғарбида камида 10 туман устидан назоратни қўлга киритган. Уларга 13 та аҳоли пункти, жумладан, Урм-ас-Суғро, Анжара ва Урм-аль-Кубро шаҳарлари ҳам қўшилган. Шунингдек, террорчилар энг йирик ҳарбий базани ҳам эгаллашга муваффақ бўлган.
Ҳукумат кучларига қарши курашаётган қуролли гуруҳлар орасида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” террористик ташкилоти иштирокчилари ҳам борлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Ҳарбий ҳаво кучларининг Суриянинг Хомс вилоятидаги Пальмира шаҳридаги нишонларга берган зарбалари оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши жароҳатланганди.