Исроил яна Сурия шаҳрига зарба берди. 36 киши ҳалок бўлди
Олам
−
20 Ноябрь
2678Исроил Ҳарбий ҳаво кучларининг Суриянинг Хомс вилоятидаги Пальмира шаҳридаги нишонларга берган зарбалари оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Сурия Республикасининг хавфсизлик кучларидаги манбасига таяниб, SANA хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 20 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан 13:30 да Исроил Ал-Танф ҳудуди йўналишидан ҳаво ҳужуми уюштирган ва Пальмира шаҳридаги бир неча биноларга зарба берган. Оқибатда 36 киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ одам яраланган. Ҳужум бинолар ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳам катта моддий зарар етказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Дамашқнинг ғарбий ҳудудларига уюштирган ракета ҳужуми оқибатида камида 15 нафар Сурия фуқароси ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган эди.