Сурияда Асад режими қурбонларининг оммавий қабри топилди
Олам
−
17 Декабрь
7248Сурия пойтахти Дамашқ яқинида собиқ президент Башар Асад ҳукумати томонидан ўлдирилган камида 100 минг кишининг жасади бўлган оммавий қабр топилди. Бу ҳақда АҚШда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Муаз Мустафога таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Мустафо Асад Россияга учиб кетганидан сўнг Сурия томон йўл олган. Унинг сўзларига кўра, Сурия ҳаво кучларининг разведка бўлими ўлимли қийноқдан кейин жасадлар йиғилган ҳарбий шифохоналардан жасадларни олиб, разведка бўлимларига юбориш ва сўнгра уларни оммавий қабргача олиб бориш билан шуғулланган.
Нашрнинг ёзишича, Мустафо гуруҳига бульдозер ҳайдовчилари билан суҳбатлашиш насиб этган. Ҳайдовчиларга кўра, улар кўп марта буйруққа биноан жасадларни сиқиб жойлаштиришга мажбур бўлган ва сўнгра уларни тупроқ билан кўмган.
“100 000 – бу энг консерватив баҳо”, дейди Мустафо.
Унинг сўзларига кўра, Дамашқдан 40 км масофада топилган ҳудуд бешта оммавий қабрлардан бири. Мустафо, шунингдек, оммавий қабрлар бештадан кўплигига ишонч билдирган ва жабрланганлар орасида сурияликлар билан бирга АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бўлганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Башар Асад ва унинг отаси Хофиз Сурияда судсиз қатл этиш, жумладан, мамлакатнинг машҳур қамоқхона тизимида одамларни оммавий ўлдиришда айбланмоқда. Шунга қарамай, Асад бир неча бор ўз ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини бузганини инкор этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг “Оқ дубулғалилар” фуқаролик мудофааси гуруҳи ва кўнгилли жамоатчилик Сайдная қамоқхонаси биносида ғойиб бўлган маҳбусларни топиш умидида тинтув ўтказганди. “Оқ дубулғалилар” баёнотига кўра, Башар Асад режимининг шафқатсизлиги рамзига айланган Дамашқ шимолидаги Сайдная ҳарбий қамоқхонасидаги барча маҳбуслар озод этилган. "Оқ дубулғалилар" ташкилоти кўнгиллилари қамоқхона биносини тўлиқ тинтув қилиб чиққан.
LiveБарчаси