Сурия “қассобхона”сида маҳбуслар қолмади
Олам
−
10 Декабрь
11943Суриянинг “Оқ дубулғалилар” фуқаролик мудофааси гуруҳи ва кўнгилли жамоатчилик Сайдная қамоқхонаси биносида ғойиб бўлган маҳбусларни топиш умидида тинтув ўтказди. Бу ҳақда СNN хабар берди.
“Оқ дубулғалилар” баёнотига кўра, бугун, 10 декабрга ўтар кечаси Башар Асад режимининг шафқатсизлиги рамзига айланган Дамашқ шимолидаги Сайдная ҳарбий қамоқхонасидаги барча маҳбуслар озод этилган. "Оқ дубулғалилар" ташкилоти кўнгиллилари қамоқхона биносини тўлиқ тинтув қилиб чиққан.
“Одамлар маҳбусларни қидириш учун Сайдная қамоқхонасининг ертўласига тушиб кўрди”, дейилади хабарда.
Асад режими ағдарилиб, исёнчи кучлар қамоқхонага бостириб кирганидан сўнг, бедарак йўқолган маҳбусларнинг кўплаб яқинлари унинг яширин камералари ва махфий хоналарида омон қолган маҳбуслар бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Қидирувга бешта гуруҳ, жумладан, полиция итларидан иборат икки гуруҳ ва қамоқхона билан таниш бўлган инсайдерлар жалб қилинган.
“Барча кириш, чиқиш, вентиляция шафталари, дренаж тизимлари, сув қувурлари, кабель каналлари ва кузатув камералари текширилди. Ушбу кенг кўламли саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳеч қандай яширин ёки тақиқланган жойлар топилмади”, дейилади “Оқ дубулғалилар” баёнотида.
Ташкилот раҳбари Раэд Салеҳга кўра, қамоқхонада жами 150 мингга яқин одам сақланган. Одамлар бу жойни қаттиқ қўриқлангани, ваҳшийликлар сабаб “қассобхона” деб атаган. Маҳбуслар орасида минглаб бегуноҳ фуқаролар ҳам бўлган. Йўқолган маҳбусларни қидириш давом этмоқда ва кўплаб номаълум жасадлар Сайдная қамоқхонаси ташқарисига олиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг “Оқ дубулғалилар” деб номланувчи фуқаролик мудофааси гуруҳи мамлакатдаги машҳур Сайдная қамоқхонасида сақланиб келган ва омон қолган одамларнинг яширин ерости камераларида сақланаётгани ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси