Сунак ҳам “қора шаҳзода” билан учрашди
Олам
−
20 Октябрь 2023
7855Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Исроилга сафарини якунлаб, Саудия Арабистонига борди ва Ар-Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ол Сауд билан учрашди. Бу ҳақда Британия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Риши Сунак ва Муҳаммад бин Салмон минтақадаги вазият янада кескинлашмаслиги учун ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олган.
“Бош вазир ва валиаҳд шаҳзода Ғазони сув, озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш учун инсонпарварлик ёрдамини етказиш зарурлиги ҳақида келишиб олди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Буюк Британия ҳукумати раҳбари валиаҳд шаҳзодани Саудия Арабистонининг минтақадаги етакчилигидан узоқ муддатда барқарорликни сақлаб қолиш учун фойдаланишга чақирган.
“Умуман олганда, Бош вазир ва валиаҳд шаҳзода Буюк Британия ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўзаро манфаатли соҳаларни, жумладан, минтақавий хавфсизликни таъминлашни илгари суриш йўлида ҳамкорлик қилишга интилади”, дейилади Британия ҳукумати баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 октябрь куни Риши Сунак Исроилга бориб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва Президент Ицхак Герцог билан учрашганди. Олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам дастлаб Исроилга, кейин минтақадаги бир неча давлатлар, жумладан Саудия Арабистонига борганди. У ҳам валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ол Сауд билан учрашганди.