Сулаймоний, Фахризода, Раисий. Улар сиёсат қурбоними ёки фожиа?
Таҳлил
−
23 Май
10793Қосим Сулаймоний, Муҳсин Фахризода ва Иброҳим Раисий. Ўз даврида Яқин Шарқдаги сиёсий муҳитнинг об-ҳавосига етарлича таъсир қилишга қодир бўлган мазкур уч шахснинг ўлими дунё ҳамжамияти томонидан кучли хавотир билан қарши олинади. 2020 йилнинг 3 январида генерал Қосим Сулаймоний, шу йилнинг 27 ноябрида физик олим, “Эрон бомбасининг отаси” дея номланган Муҳсин Фахризода ва эндиликда Эроннинг марҳум Президенти Иброҳим Раисий.
Юқоридаги шахсларни бирлаштириб турувчи нуқта бу – уларнинг барчаси умумий маънода Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасидаги можароларнинг қурбони бўлгани эҳтимоли юқори.
Жуда кўп сиёсий векторларнинг манфаатлари бирдек тўқнашадиган Яқин Шарқда ҳеч бир раҳбар ёки обрўли, бутун дунё эътибор марказида бўлган инсонларнинг ўлими тасодифан содир бўлиши амри маҳол. Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, бу инсонларнинг ўлимида аслида кимларнинг қўли борлиги, уларнинг айнан қайси манфаатлар қурбони бўлгани ва ҳоказолар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш бугунги сиёсий кун тартибидаги асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Сулаймоний, Фахризода ва Раисийнинг ўлимидаги асосий гумонланувчилар АҚШ ва Исроил билан бир қаторда, Ғарб дунёсининг бошқа йирик ўйинчиларидир. Бироқ, қизиғи шундаки, мазкур ўлимлар ортидан келиб чиқувчи гумонлар юкининг аксар қисми Эроннинг гарданига ҳам тушишидир. Аввал ҳам бир неча бор муҳокама қилинган ва бутун дунё томонидан эътибор марказига олинган мазкур масала бугунги фавқулодда рўй бераётган кескин сиёсий вазиятлар фонида яна таҳлилга муҳтож. Яқин Шарқда ўз ўрнига эга бўлган ушбу юқори мартабали машҳур шахсларнинг ўлими ва уларга сабаб бўлган ҳолатлар ҳамда ушбу қотиллик ёки тасодифий ўлимларнинг асосий гумонланувчиларига назар соламиз.
Тегирмон навбати билан дастлаб генерал Қосим Сулаймонийга тўхталамиз.
Айнан Сулаймоний Эрондаги шов-шувли ўлимларнинг дебочаси ҳисобланади. Эронда миллий қаҳрамон, Ғарб пропагандаси оқибатида ташқи дунё учун эса ёвуз персона сифатида талқин қилинадиган ушбу генерал ўз вақтида дефакто Яқин Шарқнинг энг қудратли кишиси сифатида тан олинган. Генералга нисбатан берилган бу мақом Эроннинг ички сиёсий ҳаётида ҳам амалда бўлган. Сулаймоний томонидан ҳарбий ҳаракатлар ортидан йиллар давомида тўпланган обрў ҳаттоки унинг номидан 2017 йилда мамлакатда президентликка номзод бўлишга даъват қилувчи ҳаракат пайдо бўлиши даражасига ҳам етди. Сулаймонийга берилган бу таърифни ёдингизда сақлаб қолинг, негаки айнан шу жумла унинг ўлимида муҳим фактор вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Бу эътироф ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Сулаймоний ҳаёти давомида Яқин Шарқдаги тинчлик ва тартиб учун энг кўп курашган шахсларнинг энг олдинги қаторида турган ҳолда, Ғарбнинг бу минтақадаги асосий рақиби ҳисобланган.
Сулаймоний нафақат Ғарб дунёси, балки сунний ўлкаларда ҳам яхши қарши олинмаган. Бунга бир қанча асосли сабаблар мавжуд. Хусусан, у Эроннинг шиа давлатларининг минтақавий иттифоқини яратишга қаратилган сиёсатининг асосий генератори эди. Бу эса ўз-ўзидан суннийлар етакчилик мавқеига эга бўлган араб мамлакатларида Сулаймонийга нисбатан душманлик кайфиятини уйғотган. Юқорида таъкидлагамиздек, генерал Сулаймонийга бўлган душманлик кайфияти фақатгина минтақа билан чекланиб қолмаган. Хусусан, Қосим Сулаймоний Сурия урушидаги кучлар мувозанатини Башар Асад фойдасига ўзгартириш, Эроннинг Ироқдаги таъсирини кучайтириш, устига устак у Ироқда АҚШнинг юзлаб аскарларини ўлдиришда айбланган. Кўриниб турибдики, бу ишлари билан марҳум генерал минтақада чорак асрдан буён ўта фаол ва бошқарув пакетининг асосий қисмига эгалик қилувчи Қўшма Штатларнинг манфаатларига чанг солган.
Сулаймонийга АҚШ ва унинг кислород қопчасидан нафас олувчи Исроил томонидан бир-биридан хилма-хил айбловлар қўйилган. Қисқа қилиб айтганда, айбдори топилмаган жиноятларнинг барчаси Қосим Сулаймонийнинг гарданига юкланган. АҚШнинг сенсацион сайлов натижалари ортидан ҳокимиятга келган Дональд Трамп 2020 йилнинг 3 январида Сулаймоний масаласига ҳам, ҳаётига ҳам нуқта қўйди.
АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция оқибатида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа қўшини раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлдирилган. Вашингтонда улар 2019 йил 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум уюштиришда иштирок этган деб тахмин қилинади. Эрон бунга жавобан АҚШнинг Ироқдаги базаларига, жумладан Айн ал-Асадга зарба берган.
Ўша вақтдаги АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О’Брайен агар Қосим Сулаймоний ўлдирилмаганда, у АҚШ дипломатлари ва ҳарбийларини ўлдириши муқаррарлиги, генерал яқин келажакда америкалик дипломатлар ва ҳарбийларга ҳужум қилишни режалаштирганини айтиб чиқди.
Бу воқеалар ортидан шундоқ ҳам зиддиятли бўлган АҚШ-Эрон муносабатлари янада боши берк кўчага кириб қолди. Эрон парламенти Пентагонни террорчи ташкилот, АҚШни терроризм раҳнамоси деб тан олди.
Расмий Теҳрон эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун АҚШдан қасос олингани, АҚШ томонидан бошқа тажовуз бўлмаса, янги ҳарбий ҳаракатларга қўл урилмаслигини эълон қилди. Бундан пинагини ҳам бузмаган АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳодиса юзасидан халқига мурожаат йўллаб, Эроннинг Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ҳужумида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини маълум қилди. Шунингдек, Эрон чекингани ва бу бутун дунё учун яхши эканини таъкидлади.
“Сулаймоний ёмон, у террорчиларни тайёрларди ва ўлимга аллақачон ҳақли эди. Эрон ҳужумларни ва ядро дастурини тўхтатиши шарт. Бундан ташқари, мамлакатда барча дунё давлатлари кучлари мавжуд бўлиши керак, жумладан, Россиянинг ҳам”, деди Трамп.
Трамп ўша пайтда айтган Эроннинг ядро дастури ҳақида келтирилган гапларини эслаб қолинг, чунки Трампнинг кейинги қадами айнан шунга хос бўлган.
Муҳсин Фахризода. Физик олим, университет профессори ва Эрон учун жуда долзарб ҳисобланган баллистик ракеталар ядро каллакларини ишлаб чиқиш бўйича махфий “Амад лойиҳаси” раҳбари. Ташқи дунёда “Эрон бомбасининг отаси” номини олган ва дунёнинг машҳур нашрлари томонидан ядро бомбаси ихтирочиси Oppenheimer’га таққосланган.
Муҳсин Фахризода Сулаймоний ўлимидан 11 ой ўтиб, 2020 йилнинг 27 ноябрь куни Теҳрон яқинида ҳужум қурбони бўлди. Ҳодиса жойида дастлаб худкуш террорчи ўзини портлатган, кейин бошқалар олимнинг автомобилини ўққа тутган.
Сулаймонийдан фарқли ўлароқ, Фахризоданинг ўлимида суиқасдни амалга оширилишига буйруқ берган аниқ шахс маълум эмас. Эрон ҳукумати аввалига бу қотилликда мужоҳидлар ва Исроилни айблаган ва бу айбловда етарлича жон бор. Эроннинг стратегик мақсадлари учун энг асосий таянч устун бўлган ушбу физик олимнинг ўлимидан фақат ва фақат ташқи дунё манфаатдор бўлган, десак муболаға бўлмайди.
2021 йилнинг февралига келиб, Эрон Ислом Республикаси Разведка вазирлиги раҳбари Маҳмуд Алавий Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишида Эрон Қуролли кучлари аъзоси иштирок этганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, разведка ходимлари физикка суиқасд бўлиши тўғрисида билган. Вазирлик ушбу ҳужум қаерда содир бўлишидан ҳам хабардор бўлган, аммо суиқасднинг содир бўлиш вақти номаълум бўлган. Вазирлик бу ҳақда тегишли органларга қотилликдан беш кун олдин хабар берган.
“The New York Times”нинг 2021 йил сентябрь ойида Фахризодага қарши амалга оширилган суиқасд операцияси тафсилотларидан хабардор бўлган манбаларга таяниб ёзишича, олим Исроилнинг “Моссад” хавфсизлик хизмати агентлари томонидан махсус яратилган робот қотил ёрдамида ўлдирилган.
Нашрнинг ёзишича, Исроил Ташқи разведка хизмати (Моссад)нинг ўша пайтдаги бошлиғи Йоси Коэн 2019 йил охири ва 2020 йил бошида Америка раҳбариятига махсус хизматлар томонидан Эрон ядровий дастури ривожланишига тўсқинлик қилиш мақсадида тайёрланган операциялар рўйхатини тақдим этган. Хусусан, рўйхатда Фахризодага суиқасд қилиш режаси ҳам ўрин олганди. 2020 йил февраль ойининг охирида, ўша пайтда Дональд Трамп бошчилигидаги Америка маъмурияти вакиллари ядровий физикни ўлдириш режасини маъқуллаган.
2010 йилдан 2012 йилгача Эронда ядро қуроли бўйича тўрт мутахассис ўлдирилган. Фахризода сўнгги 10 йил ичида ўлдирилган бешинчи эронлик ядро олими эди. Эрон барча қотилликлар учун Исроилни айблади. Исроил эса ушбу қотилликларга алоқадор эканини рад этди. Яҳудий давлати ва унинг асосий иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар ядро қуролининг Теҳрон қўлида қолишига йўл қўймаслик учун фавқулодда чоралар қўлланилишини истисно этмайди.
Ер юзида ядро қуролининг кенг миқёсда тарқалмаслигининг олдини олиш Қўшма Штатлар ташқи сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада фақат Корея яриморолининг юқори қисмидаги Кимлар режимигина АҚШнинг назоратидан чиқиб кетган. Муҳсин Фахризоданинг ер юзида мавжудлиги эса иккинчи марта шундай ҳолатни юзага келтириш эҳтимоли жуда юқори эди.
Қўшма Штатларнинг бу ўлимдан иккита мотиви мавжуд. Бири Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши АҚШга Яқин Шарқдан чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйилиши мумкинлиги бўлса, иккинчидан тарихан қизиққон феъл-атворга эга бўлган форслар қўлида дунёдаги энг хавфли қуролнинг пайдо бўлиши, келгусида тахмин қилиб бўлмас фалокатларга олиб келиши эҳтимоли юқорилигидир.
Ўз ўрнида Исроил ҳам Фахризоданинг ўлимидан АҚШдан кам бўлмаган манфаатлари мавжуд эди. Эроннинг 10-ядро давлатига айланиши минтақада Исроилнинг келажакда қалтис вазиятларда охирги чора сифатида қўллаши мумкин бўлган “ядро шантажи” устунлигини йўққа чиқариши кундек равшан эди. Бундан ташқари, суиқасд юз берган пайтда “Jerusalem Post” нашрининг хабар беришича, Исроил Эрон ҳукуматининг қасос ҳақидаги ваъдалари ортидан бутун дунёдаги элчихоналари ва ваколатхоналарини қўриқлашни кучайтирган. Шунингдек, Биньямин Нетаньяху ҳам Фахризоданинг тириклик чоғида у ҳақида ўз чиқишларида бир неча бор тўхталиб ўтган ва жиддий эътибор қаратган. Воқеалар ривожи ва таҳлиллар Фахризоданинг ўлими АҚШ ва Исроил ҳамкорлиги маҳсули ёки уларнинг иккисидан бирининг якдил фикри ортидан содир бўлганлигига ишора қилади.
Ва ниҳоят, ҳозирча сўнгги ўлим – Иброҳим Раисий.
Жорий йилнинг 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганини билдирди. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Одатда мамлакатдаги оддий намойишлар бўлсин ёки катта йўқотишларга сабаб бўладиган воқеалар, фожиаларда биринчи дақиқалардаёқ ва етарли фактларсиз очиқдан очиқ АҚШни ва унинг вассали бўлган Исроилни айблаб чиқадиган Эрон бу сафар Раисий ва бошқа муҳим шахсларнинг ўлимини об-ҳавонинг учишга халал бергани ва вертолётнинг техник носозлиги билан боғлади. Шу ўринда савол туғилади: дунёга дарс беришни даъво қилаётган, Исроил ва АҚШга жавоб ўқларини йўллаётган ва Яқин Шарқдаги қарорларни ўзисиз олинишини истамаётган Эрон лоақал бир президентнинг хавфсизлигини сақлай олмайдиган, уни бузуқ вертолётга ўтказиб қўядиган даражада кучсиз давлатми? Ё Эрон фақат дағдаға қилишни биладию амалга келганда об-ҳавонинг учиш учун номақбуллигини аниқлай олмайдиган даражада бўшми?
Бугунги кундаги энг асосий эътибор марказидаги ушбу мудҳиш сиёсий воқелик юзасидан мавжуд бўлган барча тахминлар ўзига яраша асосларга эга. Тўғри, Ноқулай об-ҳаво фактори мавжуд эканлиги ўша кунги қидирув ишлари давомида яққол намоён бўлди. Техник носозлик ҳақида эса аниқ асосларга эга фактлар бор деб бўлмайди, бироқ ташқи кучларнинг аралашуви маълум даражада суянса бўладиган тахмин. Сабаби, дипломатик ваколатхона ходимларининг ўлимига жавобан Раисий даврида Исроил биринчи маротаба Эрон ҳудудидан тўғридан-тўғри ўққа тутилди. Бунинг натижасида эса Исроил ва унинг донорлари ўзига хос “кичик шок”ни бошидан ўтказди. Эрон ўзининг бу ҳаракати билан унга нисбатан содир этиладиган ҳужумлар жавобсиз қолмаслиги хусусида жиддий сигнал берди. Бу эса Яқин Шарқда Исроилга қарши Раисий сиймосида жиддий рақиб пайдо бўлганини англатарди. Шу туфайли Раисийни “бахтсиз ҳодиса” туфайли келиб чиққан ўлимида Исроил факторини назардан четда қолдира олмаймиз.
Масаланинг энг нозик ва ўйга толдирувчи жиҳати шундаки, ушбу ўлимда ҳам Сулаймоний билан бўлгани каби ички сиёсий қотиллик унсурлари бўлиши мумкинлиги ва бундай вариантга тўхталишдаги асосий сабаб 55 ёшли давлат ва дин арбоби Мўжтабо Хоманаийдир. Олий Раҳнамонинг ўғли ҳисобланган ушбу шахс эҳтимоли жуда паст бўласа-да, айрим сионистик манбалар томонидан Раисийнинг ўлимига сабабчи бўлиши мумкин бўлган омиллар қаторида кўрилмоқда. Раисий Хоминаийнинг сиёсий вориси сифатида тайёрланаётгани ва бу кундан-кунга аён бўлиб қолгани, бироқ эндиликда олий раҳбарлик курсисига кичик Хоманаий асосий номзод бўлиб қолгани юқоридаги тахминни маълум маънода қўллаб-қувватлайди. Аммо Раисий воқеаси ҳали совушга улгурмаганлиги ва олдинда янги тафсилотларнинг ҳали узоқ вақт давомида бирин-кетин очиқланиши бу тўғрисида хулоса қилишга шошилмасликка ундайди.
Бошқа томондан бутун дунё, жумладан АҚШнинг ўзи ҳам Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг вафоти учун таъзия билдириб турган бир вақтда АҚШ давлат котиби ҳамдардлик расмиятчилик учун эканини айтиб, Раисийнинг ўлимидан кейин дунё ва Эрон яхшиликка ва янада ёрқинроқ ҳаётга юз тутишига ишонишини билдирди.
Бошқа томондан Эрон бўлмаса-да ташқи кучлар, аниқроқ айтганда Россия Раисийнинг ўлимида яна АҚШни айблашга уринди. Нима эмиш, ўз вақтида таъмирланмаган вертолётнинг ҳалокатига АҚШ айбдор экан. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жорий ҳафтада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Остонада ўтган йиғилиши якунлари бўйича журналистлар билан мулоқот қилиб, Вашингтон авиация саноатига қарши санкциялар жорий этилган мамлакатларга атайлаб зарар етказишини айтди ва бунинг яққол мисоли сифатида Раисий ўлимини келтирди.
“Америкаликлар буни инкор этадилар, лекин аслида АҚШ санкциялар эълон қилган бошқа давлатлар Америка ускуналари, жумладан, авиация учун эҳтиёт қисмларни олмайдилар”, дейди у Эрон Президенти Иброҳим Раисий вертолётининг ҳалокатини изоҳлар экан.
Экспертларнинг фикрича, Эрон Президенти учган ва ҳалокатга учраган Bell-212 ишончли, аммо эски вертолёт бўлган. Унинг қийин об-ҳаво шароитида тўсиқларни аниқлай оладиган радари ҳам бўлмаган. Агар вертолётда шундай радар бўлса, у тўсиқни кўриб, унинг атрофидан учиб ўтарди.
Яна шубҳали томони шундаки, Президент Раисий одатда Россиянинг Ми-171 вертолётида учган (Ми-8 нинг янги двигателлар ва электрон жиҳозлар билан модификацияси). Нега бу сафар Bell-212 да сафарга чиққани сабаблари номаълум.
Россияда хизмат кўрсатган учувчи Вадим Базикиннинг фикрича, Bell-212 эски, аммо ишончли вертолёт бўлиб, у ҳар қандай об-ҳавода уча олади.
“Бундай вертолётларни олий мансабдор шахсларни ташиш учун олишга ким қарор қилганини билмайман, лекин Президент ҳар доим биринчи тоифали эҳтиёт қисмлар билан учади, капитал таъмирдан кейин унинг двигателлари йўқ. Ҳамма нарса янги ўрнатилиши керак. Эрон узоқ вақтдан бери санкцияларга дош беришни ва ҳамма нарсани ишончли бажаришни ўрганган, учувчиларимиз Эронда ишлаган, у ерда авиация хавфсизлиги тизими аъло даражада”, дейди Вадим Базикин.
Базикиннинг фикрича, Эрон Президенти вертолётининг ҳалокатига инсон омили, учувчи хатоси сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, вертолёт ҳар қандай об-ҳавода аэропортга қўна олади ва учувчи жуда юқори малакага эга бўлиши шарт эмас, чунки бу ҳолатда автоматлаштириш ишлайди.
1979 йил бошида Ислом инқилобидан олдин бир неча ўнлаб Bell 206, 212 ва 214 моделидаги вертолётларнинг энг йирик мижозларидан бири Эрон бўлган. Эронга етказиб берилган Bell-212 вертолётларининг бир қисми Италиянинг Agusta компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Эронда эса 1979 йилдан кейин ишлаб чиқарилган Америка вертолётлари йўқлиги айтилади. Шундан келиб чиқилса, мамлакатнинг энг мартабали шахси 45 йиллик вертолётга ўтирган ё ўтказилган. 45 йил эса вертолётлар хавфсизлиги учун узоқ муддат.
Якунда Яқин Шарқ минтақасида рўй берган ушбу кутилган ва кутилмаган уч ўлимнинг содир бўлиши билан боғлиқ сабабий боғланиш ҳақида бирон бир тўхтамга келиш минтақанинг ўзи каби жуда мураккаб. Яқин Шарқ ва у ердаги ижтимоий ва сиёсий ҳаёт узоқ йиллардан буён чигаллик ва тушунмовчиликларга маҳкум. Юқори мартабали форс амалдорларининг ўлими эса бу мавҳумликларнинг бир қисми, холос. Суиқасдларга тўхталадиган бўлсак, ҳозирча фақатгина Сулаймонийнинг ўлимига сабаб бўлган шахснинг номигина дунё ҳамжамиятига маълум. Аслида у ҳолатнинг ўзида ҳам қолган икки ўлимдан кам бўлмаган чалкашликлар ва ҳали ўз исботини тўлиқ топмаган тахминлар бор. Юқоридагилар эса ҳар бир ҳодиса ва унинг атрофидаги воқеликларга таянган ҳолда таҳлил қилинган. Аммо дунё бу шубҳали қотилликлар борасида ҳали якдил бир ҳақиқатга эга эмас.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь