Судан пойтахтида икки йиллик комендантлик соати тугатилди
Олам
−
15:27 636 1 дақиқа
Судан пойтахти Хартумда икки йилдан бери амалда бўлган комендантлик соати ва фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштириш қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Хартум аҳолиси энди шаҳарда кечаю кундуз эркин ҳаракатланиши ва ишлаши мумкин. Бироқ хавфсизлик назорат пунктлари ва армия патруллари ўз фаолиятини давом эттиради.
Шунингдек, қўмита тунги вақтда ҳаракатланувчи аҳолига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ўзи билан олиб юришни тавсия қилган.
Айни вақтда хориж фуқароларининг Хартум штатига киришига чеклов сақланиб қолади. Унга кўра, амалдаги кириш визаси ёки рухсатномаси бўлмаган хорижликлар жамоат ёки хусусий транспорт, жумладан, поезд ва автобусларда штат ҳудудига кира олмайди. Қоидани бузган ҳайдовчилар ва транспорт компанияларига нисбатан чора кўрилиши огоҳлантирилди.
Комендантлик соати 2024 йил май ойида Судан армияси ва параҳарбий Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) ўртасидаги можаро фонида хавфсизлик вазияти ёмонлашгани сабабли жорий этилган эди.
Амалдаги тартибга кўра, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракати соат 23:00 дан 05:00 гача чекланган, тижорат транспорти ҳамда пиёдалар ҳаракати эса соат 22:00 дан 05:00 гача тақиқланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суданнинг жануби-ғарбидаги шифохонага уюштирилган ҳужум оқибатида 60 дан ортиқ киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси