Суд Саакашвилига яна 9 йил қамоқ жазоси тайинлади
Олам
−
12 Март
4150Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Mtavari” хабар берди.
Ҳозирда Саакашвили депутат Валерий Гелашвилини дўппослаш ва Сандро Гиргвлиани қотилларини афв этиш иши бўйича олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Суд Саакашвилини президентлик даврида давлат бюджети маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаганликда айбдор деб топди: у ўғлининг таълим харажатларини қоплаган, самолётлар ва қимматбаҳо автомобилларни ижарага олган ҳамда шахсий гардероби учун нарсалар сотиб олган. Ушбу иш бўйича унга 2014 йилда айблов эълон қилинган. Етказилган зарар миқдори 9 миллион лари (2,9 миллион доллар) деб баҳоланган.
Саакашвилининг адвокатлари эса ушбу харажатлар собиқ президентнинг вакиллик харажатлари эканини таъкидлаган.
“Мени ўғриликда айблашяпти ва шармандали айблов қўйяпти. Мен шунчаки муолажалар олдим, қаерга бормай мамлакатимни энг юқори даражада намойиш қилишни ва бу ерга келган меҳмонларни муносиб кутиб олишни хоҳлаганман”, деган Саакашвили суд мажлисларидан бирида.
Ҳозирда Саакашвили Тбилисидаги Вивамеди фуқаролик клиникасида даволанмоқда – у 2022 йил май ойида у ерга кўчирилган, бунга қадар эса деярли бир ой очлик эълон қилган эди. Клиникадан жонли эфир вақтида у соғлиғи ёмонлашгани ҳақида шикоят қилган ва суддан ҳукм чиқаришни кечиктиришни сўраган.
Ушбу иш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Теймураз Жанашия ҳам судланган. Унга 300 минг лари миқдорида жарима солинган.
Маълумот учун, Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йил октябрь ойида Саакашвили Грузияга яширинча келганида ҳибсга олинган. 2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги "Вивамед" хусусий клиникасига олиб ўтилган ва у шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Грузия расмийлари Саакашвили қамоқдан чиқиш учун касалликни "ёқиб олган", дея ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузиянинг ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси Михаил Саакашвилини Саакашвилини 2008 йилда Жанубий Осетия устидан урушни ташқи кучлар буйруғи билан бошлаганликда айблаган эди.
LiveБарчаси
Тренддагилар


