ССВ Сирдарёдаги воқеа бўйича Бош прокурорга мурожаат йўллади
Жамият
−
05 Июнь 2020
11022Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида чақириқ бўйича борган тиббиёт ходимлари 6 нафар маст киши томонидан ҳеч бир сабабсиз калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдириб, Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат йўлланганини маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқларда маълум қилинганидек, жорий йил 4 июнь куни соат 00:14 да Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани “Ғалаба” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б. томонидан “оёқда жароҳат” шикояти билан тез тиббий ёрдам шахобчасига чақириқ бўлади. Тез тиббий ёрдам шахобчаси жамоаси “тез ёрдам” машинасида 7 дақиқа ичида, яъни соат 00:21 да чақириқ бўйича манзилга етиб келган.
Лекин тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун машинадан тушишлари билан шу ерда бўлган бир гуруҳ маст ҳолдаги кишилар томонидан ҳеч қандай сабабсиз калтакланган.
Натижада, 28 ёшли шифокор Ж.О. “Бош мия чайқалиши, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, ўнг қовоқ соҳаси гематомаси, кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси билан, 44 ёшли фельдшер В.Н. эса “Бош мия чайқалиши, юз соҳаси, чакка соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг қўл кафт суяги асосидан ёпиқ синиш” ташхиси билан Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез ёрдам бўлимига ётқизилган”, дейилади вазирлик бёнотида.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мурожаат йўллаган. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралган.
Аввалроқ, ССВ Самарқандда 34 кишига коронавирус инфекциясини юқтиришда айбланган шифокор аёл иши бўйича Бош прокурорга мурожаат юборганди. У мурожаатни кўриб чиқиб, вазирликнинг илтимосини қаноатлантирганди.