ССВ Бош прокурорга мурожаат йўллади
Жамият
−
15 Май 2020
20487Аввалроқ, Самарқанд вилоятида 34 кишига коронавирус юқтиришда айбланган тиббиёт ходимига нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирди.
“Куни кеча Самарқанд вилоятида фуқаро Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Унда самарқандлик тиббиёт ходими тиббий текширувлардан ўтмасдан 34 кишига коронавирус инфекциясини юқтиришга сабабчи бўлганлиги айтилади. Ушбу ҳолат кўплаб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида қарама-қарши фикрлар ва норозиликларни келтириб чиқарди”, дея бошланган ССВ баёноти.
Маълум бўлишича, 2020 йил 12 май куни Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасининг бўлим мудири Х.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-1-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги мазкур қарорни қуйидаги асосларга кўра бекор қилиниши лозим деб ҳисобламоқда.
“Биринчидан, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси биринчи қисми диспозициясидаги қасддан содир этилиши талаб этиладиган қилмишлардан бирортаси фуқаро Х.Д. томонидан содир этилмаган.
Иккинчидан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан жавобгарликка тортиш учун махсус субъект бўлиш талаб этилмайди. Аниқроғи, бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги ҳам қонунда кўрсатилмаган. Айтмоқчи бўлганимиз, тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай кучидан фойдаланилмади? Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди? Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмади?
Қолаверса, қонунчилигимизда тана ҳарорати ошган фуқаро, ҳоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, ҳоҳ бошқа коронавирусга анализ топширмаса жиноий жавобгарликка тортилади, деган мажбурият ҳали ўрнатилгани йўқ.
Юқоридаги ҳолатда тиббиёт ходими ҳисобланган Х.Д. коронавирус инфекциясини жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганлигини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган. Бунгача у ушбу инфекцияни юқтириб олганлигини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган. Қолаверса, 34 нафар фуқарога коронавирус айнан тиббиёт ходимидан юққанми ёки бошқаданлигини ҳали дастлабки тергов жараёнида исботлаш керак бўлади.
Тўғри, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.нинг ўз соғлигига нисбатан бепарво бўлиб, кимларнидир хавф остида қолдирганлигини оқламоқчи эмас. Шу билан биргаликда, вазирлик мазкур ҳолатда Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор асоссиз, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласини ўз ваколати доирасида кўриб чиқилишини сўраб, жорий йил 14 май куни мурожаат йўллади. Ўйлаймизки, ушбу масала назоратга олиниб, ўз қонуний ечимини топади”, дейди ССВ юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.
Вазирлик айни кунларда бутун дунёда коронавирус пандемиясига қарши мардонавор курашаётган шифокорлар алоҳида эътироф этиалётганини қўшимча қилган.
“Ўз навбатида юртимиз тиббиёт ходимлари ҳам, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ўз ҳаёти ва соғлигини гаровга қўйиб, пандемияга қарши қаҳрамонона фаолият олиб боришмоқда”, дея якунланган ССВ изоҳи.
LiveБарчаси