Мирзиёев Сайхунободдаги томорқаларга бориб кўрди
Жамият
−
14 Март
8942Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 март куни Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани Иттифоқ маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликларидаги омилкорлик билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Иттифоқ маҳалласида 6 минг 672 нафар аҳоли яшайди. Учта мактаб, учта болалар боғчаси, поликлиника, ўнлаб тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Лекин бу аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас. Меҳнатга лаёқатли 100 киши ишсиз. Хорижда ишлаётганлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор. Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун 140 та лойиҳага кредит берилган. 137 кишига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ер ажратилган.
“Аслида, туман аҳолисига қўшимча ер ажратиш шарт эмас. Чунки Сайхунобод томорқалар 20 сотих атрофида бўлган 26 та тумандан бири. Шундан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Асосий экинлар беда билан макка бўлиб қолган”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Иттифоқ маҳалласида умумий томорқа майдони 185 гектар. Тумандан Сирдарё оқиб ўтгани учун сув ҳам яхши. Лекин сархил маҳсулотлар етиштириб, рўзғорга барака киритиш суст. Хусусан, Фарғона водийси вилоятларида 6 сотих томорқадан олинаётган даромад бу ердаги катта томорқалар маҳсулдорлигидан бир неча баробар кўп.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартда қабул қилинган “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида катта имкониятлар белгиланган. Жумладан, 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш, аҳолининг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шундай намунавий томорқалар Иттифоқ маҳалласида ҳам ташкил этилди. Давлат раҳбари ушбу хонадонларни кириб кўрди.
Масалан, Рисолат Ғуломова хонадонининг 14 сотих томорқасида шу пайтгача томорқада сабзи, саримсоқ пиёз экилиб, ернинг ўттиз фоиз имкониятидан фойдаланилган.
“Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида томорқага олма ва ток кўчатлари, уларнинг орасига турли кўкатлар экилди. Бунга қўшимча товуқ, қуён, асалари ва соғин сигир боқиш йўлга қўйилди. Бугун юртимизда ёқилғисиз исийдиган иссиқхоналар барпо қилиш оммалашиб боряпти. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани маъқуллаб, уларни кўпайтириш, деҳқонларга тайёр ҳолда қуриб бериш зарурлигини айтган эди. Рисолат ая хонадонига ҳам икки сотихли иссиқхона қуриб берилди. Унга 30 туп лимон, қатор ораларида эса помидор ва қулупнай экилди”, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев шу ерда томорқа эгалари, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.
“Халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳамма ишларни маҳаллада ташкил қиляпмиз. Энди давлат идораларининг бутун имкониятларини ҳар бир кўчага, хонадонга олиб кирамиз. Масалан, маҳаллага бириктирилган банк маблағ бериш билан бирга одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради. Мақсадимиз халқнинг даромадини ошириш, бой қилиш. Албатта, осон бўлмайди. Бу машаққатли меҳнат, тинимсиз изланиш, янги-янги ғоялар дегани. Лекин бажарса бўлади. Мезон битта - иқтисодий комплекс халқнинг дарди билан яшайди”,деган Президент.
Маҳалла фаоллари аҳоли, умуман, сайхунободликлар томорқадан бундай кенг фойдаланишга катта қизиқиш билдираётганини айтган. Мутасаддилар бу тажрибани кенгайтиришга, томорқа эгаларига кўмаклашиб, маҳаллаларни ишсизликдан холи қилишга ваъда берди.
Шу билан давлат раҳбари ташрифни якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.