Сайхунободда тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш учун 60 миллиард сўм ажратилади
Жамият
−
14 Март
3933Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилашга 60 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Бу ҳақда бугун, 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Мутасаддиларга тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Қайд этилишича, Сайхунобод ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлидан ҳар куни 20 мингдан зиёд автомобиль ўтади. Бу имкониятни ишга солиш учун “Ўрикзор”, “Гулистон”, “Нурли йўл”, “Бахмалсой”, “Фаровон” маҳаллаларидаги 9 гектар майдонда 40 та хизмат кўрсатиш объекти, 1 та меҳмонхона ва 1 та логистика маркази ишга туширилади.
Шунингдек, Сайхунободдаги хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилишга кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди. Билдирилишича, тумандаги бир неча йиллардан буён бўш турган 21 та объектга инвесторларни жалб қилишнинг янги механизми жорий этилади. Камида 100 миллион долларлик саноат лойиҳалари бошланиб, “Фаровон” маҳалласида узоқ вақт ташландиқ бўлиб турган 35 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил қилинади.
Бундан ташқари, туманда кунига ўртача 300 тонна сут олиниб, аҳоли томонидан бошқа туманларга бориб сотилаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан Хоразм тажрибаси асосида “Синтоб”, “Пахтаобод”, “Олға бос”, “Дўстлик” маҳаллаларида сутни йиғиш шохобчаларини ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди. Билдирилишича, “Олға бос” маҳалласида кунига 3-4 тонна сутни қайта ишлаш цехи фойдаланишга топширилади.
Шу билан бирга, тумандаги хонадонларнинг ярмида чорва боқилиши айтилди. Масалан, “Дўстлик” маҳалласида 50 дан ортиқ одам чорвани янада кўпайтириш ниятида, лекин уларга озуқага ер бериш, кредит олишда ёрдам берилмаяпти. Туманда ҳозир ташландиқ ётган 400 гектар ер бўлса-да, бу ерлар шундай хоҳиши бор одамларга берилмаган.
Эндиликда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида қорамол, қўй ва эчки олиш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит гаровсиз, нақд пулда берилади. Бу орқали тумандаги 1,5 минг хонадонга чорвани кўпайтириш учун шароит яратилади. Юқорида айтилган 400 гектар ерни эса 800 та хонадонга бўлиб бериш топширилди.
Маълум қилинишича, Сирдарё дарёсининг 19 километри “Ўрикзор” ва “Янгиҳаёт” маҳаллаларидан оқиб ўтади. Туманда 125 гектар табиий, 580 гектар сунъий сув ҳавзаси бўлса-да, имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти. Шу муносабат билан “Ўрикзор” ва “Янгиҳаёт” маҳаллаларидаги 500 та хонадонга бассейн қуриб, балиқчилик билан шуғулланишга кўмаклашилиши таъкидланди.
Билдирилишича, самарасиз 200 гектар сунъий сув ҳавзалари 300 та хонадонга балиқ етиштириш учун бўлиб берилади. Бунга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
Бундан ташқари, тумандаги 19 та маҳалланинг ҳар бирида истаги бор аҳолига намунавий интенсив боғ қилиб берилиши айтилди. Қайд этилишича, хонадонлар кооперация асосида эскпортчи билан боғлаб берилади, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш комплекси ташкил этилади. Тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади.
Шунингдек, Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳаллани ҳар бирига 1 тадан мини трактор, 4 тадан мото-культиватор олиб берилгани маълум бўлди.
Билдирилишича, эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга олиб берилган техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Сайхунобод тажрибаси бутун республикада оммалаштиради.
Сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш эса Сайхунободда ҳам, бошқа туманларда ҳам энг асосий масала. Шу мақсадда туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимьян уруғини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади. Бундан ташқари, маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади.
Президент йиғилганлар эътиборини Сайхунободда ўтган йили бирорта кўп қаватли уй қурилмаганига, ваҳоланки ҳозирни ўзида 1 мингга яқин аҳоли уй-жой олиш истагида юрганига қаратди. “Турон” маҳалласидаги собиқ машина-трактор паркига тегишли бўш ерда 10 та кўп қаватли уй қурилишини бошлашга кўрсатма берилди.
Таъкидланишича, бу уйларда яшайдиган аҳоли учун 180 ўринли янги боғча ва 35-мактабда 330 ўринли қўшимча ўқув блоки барпо этилади. Шу ерни ўзида иш ўрни яратиш учун тикувчилик корхоналари ташкил қилинади.
Сайхунободда ҳам яширин иқтисодиётни “соя”дан чиқариш ва иш ўринларини расмийлаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди. Бунда, маҳалла ҳудудидаги тадбиркорлар "соя"дан чиқиб, расмий иш ўрнини кўпайтирса, даромад солиғидан қўшимча тушумнинг 50 фоизи ўша маҳалла ихтиёрида қолади. Тумандаги мол-мулк ва ер солиқларининг 10 фоизи ҳам маҳалла бюджетида қолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь