ССВ: “Коронавирусдан даволанганлар 140 нафарга етди”
Жамият
−
17 Апрель 2020
5581Бугун, 17 апрель куни Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар коронавирус юқтирган бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтдан, 2 нафари Тошкент вилоятидан бўлса, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.
Ушбу муваффақиятли қадамларга сабаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани десак, хато бўлмайди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.
Энг муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларида барча зарур шароитларнинг яратилгани, малакали кадрлар билан таъминланганлиги коронавирус пандемиясига қарши тезкор ва самарали курашишнинг ҳам асосий омили бўлмоқда.
Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 140 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар 1380 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси