ССВ дафн этилган аёл шифохонадан фарзандларига қўнғироқ қилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда дафн этилган аёлнинг бир неча кун ўтиб, шифохонадан фарзандларига қўнғироқ қилгани ҳақида хабар тарқалди. Хабар шундай дейилган:

“Онамни тоблари қочгач, шифохонага ётқиздик. Эртаси куни онамнинг вафот этганлари хабари келди. Жасадни олгани шифохонага уч киши бўлиб бордик. Қора целлофанга ўралган жасадни қўлимизга тутқазишди ва очмаслик кераклигини таъкидлашди. Улар айтгандек қилиб, онамни очмадик. Йиғлаб-йиғлаб, дуо қилиб, кўмиб қайтдик. Уйимиз мотамга айланди.

Орадан 4-5 кун ўтгач, телефоним жиринглади. Олсам онам! “Ўғлим, нега мендан хабар олмаяпсизлар?”, сўрадилар ғамгин. Шокка тушиб қолдим. Шифохонага учиб бордим. Шифокорлар ўлим кўплигидан адашиб кетишганини айтиб, узр сўрашди. Биз бегона жасадни кўмиб келган эканмиз. Онам тирик эдилар. Онамни сиқиб бағримга босиб йиғладим. Онам тузалиб, оиламиз бағрига қайтдилар, алҳамдулиллаҳ...”

Мазкур хабарга Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди. Бундай ҳолат юз берган тақдирда, ўша ходимга нисбатан чора қўрилар экан.

Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов шифохонада вафот этган одамнинг жасадини оиласига бериш қандай амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.

Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда  бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта унинг  юзини яқинларига кўрсатиб , аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда  тўла акс этади”, дейди Ражаббой Исроилов.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафн этиш жараёнлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.

“Ҳурматли юртдошлар, айни вақтда барчамиз коронавирус хавфини яхши сезиб турибмиз. Уни бартараф этиш учун мамлакатимиз раҳбарияти ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари ҳамда ходимлари томонидан барча чоралар кўрилмоқда Шундай шароитда турли хил миш-миш ва асоссиз хабарларга ишониб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.

Инсонлар ҳаёти ва қадр қимматига дахл қилувчи ҳолатлар аниқланса, унга сабабчи бўлганлар қонун олдида жавоб беради. Асоссиз хабарлар тарқатиб, одамлар орасида ваҳима уйғотишга уринганлар ҳам ўз жазосини олади”, дейилади вазирлик баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

2004

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг