Сайловда ғолиб аниқланмади. Исроил Нетаньяхудан воз кечадими?
Таҳлил
−
20:03 1398 8 дақиқа
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган Исроилдаги парламент сайловлари ва ниҳоят якунланди. Аммо ҳозирча аниқ ғолиб йўқ.
Бир неча йилдан бери мамлакат бош вазири бўлиб келаётган Биньямин Нетаньяху ҳам, собиқ ҳарбий қўмондон Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки ҳам ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплай олмади.
Хўш, сиёсий кучлар ўртасидаги бу боши берк вазиятдан Исроилни фақат янги сайловлар олиб чиқа оладими?
Исроилдаги сайлов: Аниқ ғолиб йўқ
Исроил – парламентар республика ҳисобланади. Мамлакат президенти асосан халқаро миқёсда вакиллик қилиш, қонунларни имзолаш ва ҳукуматни шакллантириш жараёнида конституциявий вазифаларни бажаради. Бироқ кундалик давлат бошқаруви, ички ва ташқи сиёсатни юритиш, мудофаа ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича асосий қарорлар бош вазир ва ҳукумат томонидан қабул қилинади.
Исроилда ҳукумат парламентдаги кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига таянади. Исроилда парламент – Кнессат – 120 депутатдан иборат бўлиб, сайловлар пропорционал тизим асосида ўтказилади. Яъни фуқаролар алоҳида номзодларга эмас, партияларга овоз беради ва ҳар бир партия олган овозлари улушига қараб парламентдан ўрин эгаллайди. Шу сабабли кўпинча бирорта партия якка ўзи ҳукумат тузиш учун етарли ўринни қўлга кирита олмайди.
Ҳукумат тузиш учун одатда парламентдаги 120 ўриндан камида 61 тасини қўллаб-қувватлайдиган сиёсий кучлар бирлашиши керак. Бу парламент кўпчилиги дейилади. Шу сабабли бош вазир нафақат ўз партиясини, балки коалицияга кирган бошқа партияларни ҳам бирлаштириб туриши керак. Вазирларни тайинлаш ва лавозимидан озод этишда ҳам бош вазир муҳим ваколатларга эга. Ҳукумат истеъфога чиқса, янгиси тузилгунига қадар амалдаги ҳукумат ўз вазифаларини бажаришда давом этади.
Айнан шу тизим шароитида Исроилда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайлови аниқ ғолибсиз якунланмоқда. Экзитпол (exit poll) натижаларига кўра, Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси 27 та ўрин билан пешқадам. Гади Айзенкот бошчилигидаги “Яшар” партияси эса 20–22 та ўрин олиши мумкин.
Исроил Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловчиларнинг 77,7 фоизи овоз берган. Бу 1999 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Овоз бериш ҳуқуқига эга 7,3 миллион кишидан тахминан 5,7 миллиони сайлов участкаларига келган. Исроил ОАВга кўра, араб сайловчилари орасида ҳам фаоллик юқори бўлиб, 80 фоизга етган.
Исроилнинг 3 та йирик телеканали эълон қилган натижаларга кўра, собиқ ҳарбий бошлиқ Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки парламентда 51–53 та ўринни, Нетаньяху бошчилигидаги ўнг қанот коалицияси эса тахминан 50–52 та ўринни эгаллаши мумкин. Ҳукумат тузиш учун 120 ўринли парламентда камида 61 та депутат ўрни талаб этилади.
Расмий саноқ ҳали давом этмоқда. Овозларнинг қарийб учдан бири саналганда Нетаньяху блоки 59, мухолифат 46, араб партиялари 15 ўрин олаётганди. Бироқ комиссия бу рақамлар ўзгариши мумкинлигини таъкидлаган. Якуний натижалар бир неча кундан кейин маълум бўлади. Аммо Нетаньяху араб партияларига таянадиган ҳукумат тузишга қарши эканини очиқчасига билдирган. Айзенкот бошчилигидаги мухолифат эса улар билан муайян шартлар асосида ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Нетаньяху ва Айзенкот ваъдалари
Сайловдан кейин Айзенкот ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, улар тарих яратганини айтди. Унинг таъкидлашича, сайловчилар қарори барча Исроил фуқаролари манфаатларини ҳисобга оладиган барқарор ҳукумат тузишга хизмат қилиши керак.
“Биз бугун тарих яратдик. Исроил халқи мамлакатнинг келажакдаги раҳбарларини танлаш учун сайловга чиқди. Исроил халқи ўз танловини қилди – у ўзгаришни танлади. Нетаньяҳунинг бош вазир бўлиб қолишини қўллаб-қувватлаган ҳукумат коалицияси халқ ишончини йўқотди. Тўғри, бу ҳозирча дастлабки натижалар, якуний рақамларни кутишимиз керак.
Исроилга барқарор ва масъулиятли раҳбарият керак. Шу сабабли мен барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмоқчиман: Нетаньяху энди халқ ишончига эга эмас. Сиз бу ерда Исроил фуқароларига хизмат қилиш учун турганингизни унутманг. Сизга босим ўтказишга уринишларга қатъий қарши туришингиз керак. Бу борада сизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Нетаньяху, сиёсий мақсадларингиз ва шахсий манфаатларингиз йўлида Исроил хавфсизлигидан фойдаланишга журъат этманг!”, дейди Гади Айзенкот ўз нутқида.
Собиқ бош вазир Яир Лапид эса Нетаньяху бошчилигидаги блок сайловда жиддий мағлубиятга учраганини билдирган.
Нетаньяху ҳам ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, ўнг қанот блоки кўпчиликка эга эканини таъкидлади ва кучли миллий ҳукумат тузишга чақирди.
“Ўнг қанот блоки кўпчиликка эга. Ҳа, бу ҳал қилувчи кўпчиликдир. Аввал ҳам айтганимдек, биз миллий ўнг қанот ҳукуматини тузишимиз керак. Исроилни хавф остида қолдирмаслигимиз лозим. Биз мавжудлигимизга қарши бўлган, ҲАМАСни қўллаб-қувватлайдиган араб партияларига таянмаслигимиз керак”, дейди Нетаньяху.
Бироқ телеканалларнинг янгиланган экзитпол натижаларида икки блок ўртасидаги фарқ жуда кичик экани кўрсатилди.
Сайлов 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги ҳужум ва ундан кейин Ғaзo, Ливан ҳамда Эронда юз берган урушлардан сўнг ўтказилган илк парламент сайлови бўлди.
Сайловолди кампаниясида 7 октябрь ҳужумига олиб келган хавфсизликдаги камчиликлар учун жавобгарлик, минтақадаги урушлар, ҳарбий хизмат мажбуриятларини тақсимлаш, суд ислоҳотлари ва Исроилнинг халқаро майдондаги мавқеи асосий масалалар қаторида бўлди.
Исроил Марказий сайлов комиссияси овоз бериш вақтини узайтириш ҳақидаги мурожаатларни рад этган. Комиссия сайловчиларнинг юқори фаоллиги муддатни узайтириш учун асос бўла олмаслигини билдирган. Якуний натижалар экзитпол кўрсаткичларидан фарқ қилиши мумкин.
Исроилда ҳукуматни ким тузади?
Энди асосий кураш коалиция музокараларида кечади. 4 ноябрь куни якуний сайлов натижалари эълон қилингач, Исроил президенти Ицхак Герцог партия етакчилари билан кимни бош вазир лавозимига кўришларини муҳокама қилади. Шундан сўнг у ҳукумат тузиш учун энг катта имкониятга эга деб ҳисоблаган номзодга бу вазифани топширади. Бу номзод Кнессатда энг кўп ўринни эгаллаган партия раҳбари бўлиши шарт эмас.
Нетаньяху блоки – Ликуд, ўта ўнг “Диний сионизм” ва “Яҳудий қудрати”, шунингдек, ультраортодокс Шас ва “Бирлашган Таврот яҳудийлиги” партияларидан иборат.
Айзенкот эса собиқ бош вазирлар Нафтали Беннет ва Яир Лапиднинг “Бирга”, Авигдор Либерманнинг “Исроил – бизнинг уйимиз” ҳамда Яир Голаннинг “Демократлар” партияларига таянади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот партиялари сионистик сайловчилар орасида “ишончли кўпчилик”ни қўлга киритганини айтиб, “миллий ўнг қанот ҳукумати”ни тузишга чақирди. Бироқ экзитпол натижалари сайловда аниқ ғолиб йўқлигини кўрсатмоқда. Прогнозларга кўра, Нетаньяхунинг коалицияси асосий мухолифат иттифоқидан бироз олдинда, аммо ҳар икки томон ҳам ҳукумат тузиш учун зарур кўпчилик овозга эга эмас.
Ҳукумат тузиш топшириғини олган номзодга қанча вақт берилади?
Номзодга ҳукумат тузиш учун жами 42 кунгача вақт берилади. Дастлаб унга 28 кун ажратилади, президент эса бу муддатни яна 14 кунга узайтириши мумкин.
Бу вақт давомида сиёсий партиялар жадал музокаралар олиб боради. Улар сиёсий масалаларда ён беришлар, вазирлик лавозимлари ва бошқа келишувларни муҳокама қилади. Ҳукумат тузиш топшириғини олган номзод эса бошқарувни амалга ошириш учун етарли кўмакни тўплашга ҳаракат қилади.
Агар номзод парламентдаги камида 61 та ўринга эга партиялар коалициясини туза олмаса, кичик партияларнинг кўмагига таяниб, озчилик ҳукуматини шакллантиришга уриниши мумкин. Шунингдек, бош вазирлик лавозимини навбатма-навбат эгаллашни назарда тутувчи ҳокимиятни бўлишиш бўйича келишув ҳам тузилиши мумкин.
Янги ҳукумат иш бошлаши учун парламентда ишонч овозини олиши керак. Бунинг учун оддий кўпчилик овоз талаб этилади. Айрим партиялар овоз беришда бетараф қолса, ҳукуматни тасдиқлаш учун 61 тадан кам овоз ҳам етарли бўлиши мумкин.
Мухолифат араб партиялари билан коалиция тузадими?
Экзитпол натижаларига кўра, араб партиялари ҳукуматни шакллантиришда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Бироқ Нетаньяху ҳам, Айзенкот ҳам умумий қадриятлар йўқлигини сабаб қилиб, улар билан ҳамкорлик қилишни рад этган.
Исроиллик сиёсий таҳлилчи Асаф Ронелнинг айтишича, экзитпол натижалари Нетаньяхунинг “даҳшатли ҳукумати” якунланиши мумкинлигини кўрсатаётган бўлса-да, мухолифат етакчиларининг араб партиялари билан ҳамкорлик қилишга тўсқинлик қилаётган ирқчиликка асосланган қарашлардан воз кечиши катта савол остида қолмоқда.
“Энди асосий савол – улар сайловолди кампаниясида берган ирқчиликка асосланган ваъдаларидан воз кеча оладими? Акс ҳолда, энг эҳтимолий сценарий – яқин ойларда яна сайлов ўтказилишидир”, деди у.
Нью-Йорк университети қошидаги Hagop Kevorkian Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Муҳаммад Баззи эса музокаралар давомида араб партияларини четда қолдириш позициясини сақлаб қолиш қийинлашишини таъкидлади.
“Араб партияларининг йирик блоки эгаллаган ўринларсиз керакли натижага эришиш қийин. Парламентдаги кўпчиликни таъминлаш учун зарур бўлган 61 та ўринга етиш осон эмас”, деди у.
Баззи, шунингдек, араб партиялари Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки билан муросага келиши мумкинлигини тахмин қилди.
“Араб партияларига ҳукуматдан ўрин берилмайдиган ва улар коалицияда бевосита ҳокимиятга эга бўлмайдиган келишув таклиф этилиши мумкин. Бироқ улар Кнессатда ҳукуматни қўллаб-қувватлайди”, деди Баззи.
Live
Барчаси27 Октябрь