Диққат! Тошкeнтдаги шифохоналар болалар билан тўлди
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
23803Кеча, 23 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги муҳим баёнот билан чиқиб, болалар орасида ЎРВИ касаллиги тарқалаётгани, бунинг оқибатида пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар ортганини маълум қилди. Бу хабар ортидан тармоқларда ваҳима кўпайди. Хўш, вазият ҳақиқатдан ҳам оғирми, ЎРВИ ҳам коронавирусдек хавфли ва юқумли касалликми, бемор болаларга шифохоналарда жой етарлими? Мазкур саволларга Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Муаттар Абдуллаевадан жавоб олдик.
“Бутун дунё каби Ўзбекистонда ҳам ўткир респиратор касаллиги тарқалган. Бу касаллик мавсумий касаллик ҳисобланади. Ҳар йили куз фаслида бошланади. Касаллик, асосан, ҳамма ёшдаги болаларда учрайди. Шунингдек, ҳомиладорлар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳам ЎРВИ билан касалланиши мумкин. Касалликнинг бурун оқиши, томоқ қизариши, ҳарорат кўтарилиши каби белгилари бор”, дейди мутахассис.
Шунингдек, ЎРВИ касаллиги одатий грипп каби кечса-да, у кўкйўтал, грипп, шамоллаш ва COVID-19 нинг штампларидан фарқланади.
“ЎРВИнинг асосий белгилари сифатида томоқ қизариши, бурун оқиши, ҳарорат кўтарилишини айтиш мумкин. Кўкйўтал касаллигининг асосий белгиси эса қаттиқ йўтал. Бугунги кунда ҳар бир касаллик бўйича ихтисослашган шифохоналар мавжуд. Кўкйўтал касаллигига чалинганлар учун 3-юқумли касалликлар шифохонаси, қизамиқ касаллигига чалинганлар учун эса 2 ва 5-юқумли касалликлар шифохонаси тайёрлаб қўйилган”, деди Муаттар Абдуллаева.
Унинг сўзларига кўра, ушбу касаллик ҳар йили мавсумий тарзда кузатилади ва пойтахт мегаполис ҳисоблангани учун шаҳарда касалланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Шу сабабли ҳам тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва қўшимча ўринлар яратиш чоралари кўрилмоқда.
“Бу мавсумий касаллик бўлгани учун тайёргарлик ишлари сентябрь ойидан бошланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий ССБларда штаб тузилган. Бу штабнинг асосий фаолияти шу касалликнинг олдини олиш ва касалликка чалинган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 350 дан зиёд қўшимча ўринлар очилган. Шунингдек, Зангиота-1 шифохонасида ҳам беморлар учун жой ажратилган”, дейди у.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирининг нафас йўллари юқумли касалликларига чалинган болаларни жойлаштириш учун Зангиота туманида яна 200 та қўшимча ўрин тайёрлаш ҳақидаги топшириғини Муаттар Абддуллаева қуйидагича изоҳлади:
“Куз фаслида ЎРВИ, ёзда ЎИК (ўткир ичак касалликлари) каби касалликлар учрайди. Шундай вазиятларда шифохонага яқин ҳудуддаги беморларни олиб келиш мақсадида Зангиота-1 касалхонасида қўшимча ўринлар очилган”, дейди у.
Маълумки, болалар орасида касаллик тарқалган ҳолатда мактабларда карантин қоидалари йўлга қўйилиши зарур.
“Ҳар бир мактабда шифокор ва ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан ҳар бир ўқувчи мактабга кираётганда текширилади ва мактабга киритилади. Болалар орасида ҳарорати кўтарилган ёки ЎРВИ белгилари сезилган болалар эса дарҳол уйга қайтариб юборилади”, дейди Муаттар Абдуллаева.
Одатда ота-оналар иситма ва бурун оқиши билан кечадиган касалликларни оддий шамоллаш деб қабул қилади ва фарзандини уй шароитида одатий антибиотик дорилар билан даволайди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, болада бундай аломатлар кузатилган тақдирда тиббий бригада таркибидаги шифокорларга мурожаат қилиш керак.
“Ҳар бир оилавий поликлиникаларда 2 минг аҳолига биттадан тиббий бригада ташкил қилинган. Бугунги кунда уларнинг барчаси аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Ҳарорати кўтарилган ёки бурни оқишни бошлаган ҳар бир беморни биринчи навбатда тумандаги оилавий поликлиникага олиб бориш шарт. Ота-оналар ўзлари билганича даво чораларини кўрмасликларини сўраган бўлар эдим. Оилавий шифокор ҳар бир беморни индивидуал кўради ва шунга қараб даволайди”, дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Ҳаво ҳароратининг совиши ва вирусли касалликлар авж оладиган мавсумнинг бошланганини инобатга олган ҳолда ота-оналардан фарзандларига эътиборли бўлишни, юқоридаги аломатлар кузатилган тақдирда ўзбилармонлик билан даволамай, шифокорга мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Шунингдек, жамоат жойларида иложи борича ниқоб тақиб юриш ва гигиена қоидаларига амал қилишни унутманг! QALAMPIR.UZ`ни кузатишда давом этинг!