$110 минг, юзлаб телефонлар: Тошкентда йирик жиноий гуруҳ аъзолари ушланди (видео)
Crime
−
18:17 861 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 72 кишидан иборат жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган дастлабки тезкор қидирув тадбирлари давомида Миробод тумани Фарғона 1-тор кўчасида жойлашган хонадон кўздан кечирилган. У ерда бинони ойига 9000 АҚШ доллари эвазига ижарага олиб, яширин фаолият юритиб келган 52 нафар фуқаро қўлга олинган. Мазкур гуруҳ Осиё давлатларида оммалашган яширин онлайн қимор ва ноқонуний букмекерлик ўйинлари учун пул маблағларини қабул қилиш ва транзакцияларни банк карталарига ўтказиб бериш, яъни пул ювиш билан шуғулланган. Хонадондан 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та телефон ва 3 та Starlink космик интернет қурилмаси ашёвий далил сифатида холислар иштирокида мусодара қилинган.
Тезкор тадбирлар туманнинг Катта Миробод кўчасидаги бошқа бир манзилда давом эттирилиб, яна бир яширин колл-марказ фош этилган. У ерда ҳам ойига 2000 АҚШ доллари эвазига ижарада яшаб келаётган яна 20 нафар фуқаро ушланган. Ушбу гуруҳ асосан интернетдаги сохта ишқий муносабатларни таклиф этувчи фирибгарлик ўйини билан шуғулланиб келган. Унга кўра, жиноятчилар ўзларини аёл киши сифатида таништириб, мижозларни тузоққа туширади ва маблағларини алдов йўли билан ўзлаштириб олади. Манзилдан 24 та ноутбук, битта планшет, 52 та телефон ва 4 та Wi-Fi қурилмаси олинган.
Қайд этилишича, ҳар иккала гуруҳда вазифалар ўзаро тақсимланган бўлиб, раҳбар, иш бошқарувчи, оператор ва қўриқчилар фаолият юритган. Ушбу гуруҳлар томонидан 576 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активлар айланмаси аниқланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирида сақланаётган катта миқдордаги пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинганди.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November