Спорт тўгараги очган тренерларга ҳар ой рағбат пули тўланади

Жамият

image

Маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этиб, ўзини ўзи банд қилган тренерлар рағбатлантирилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 2026 йил 24 июлдаги 407-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланди.

Янги тартибга кўра, маҳаллаларда спорт тўгаракларини йўлга қўйиб, ўзини ўзи банд қилган тренерлар ҳар йили 20 августга қадар спорт мактабларига ихтиёрий равишда ариза топшириши мумкин.

Аризада мураббийлар томонидан ташкил этилган спорт тўгарагининг манзили, спорт иншоотининг майдони ва сиғими, ўқитилаётган спорт турлари, шуғулланаётган спортчилар ҳақидаги маълумотлар ҳамда тренерлик фаолияти бўйича малака оширганлик сертификати кўрсатилиши керак.

Спорт мактаблари келиб тушган аризаларни 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, тегишли мураббийларни ўз тизимига бириктиради.

Белгиланишича, ҳар бир туман ёки шаҳардаги спорт мактаби кўпи билан 5 нафаргача тренерни бириктириш ҳуқуқига эга бўлади. Бириктирилган тренерларга эса спорт мактаби тренери учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорида ҳар ой рағбат пули тўлаб борилади.

Бунинг учун тренерлар белгиланган ижтимоий буюртмаларни бажариши талаб этилади. Жумладан, улар:

  • ваколатли орган томонидан белгиланган меъёрлар асосида спортчиларни тайёрлаши;
  • “ERP sport” тизимида спортчиларни рўйхатдан ўтказиши;
  • спортчиларнинг кунлик давоматини “Face ID” орқали электрон тарзда юритиб бориши лозим.

Қайд этилишича, янги тартиб маҳаллаларда спортни оммалаштириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида жорий этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Республика ва вилоят босқичидаги фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари энди “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмаси билан тақдирланиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг