Солиқлар ва ижтимоий бадаллар бирлаштирилиши мумкин

Олам

image

Қозоғистон Мажлиси депутати Берик Бейсенгалиев иш берувчиларнинг асосий солиқлари ва ижтимоий бадалларини ягона тўловга бирлаштиришни таклиф қилди. Ушбу янгиликни умумий белгиланган солиқ режимида фаолият юритадиган кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ҳозирги вақтда иш ҳақи тўланаётганда иш берувчи ижтимоий солиқ, ижтимоий бадаллар, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта бадаллари ва иш берувчининг мажбурий пенсия бадалларини алоҳида-алоҳида ҳисоблаши ҳамда ўтказиши шарт.

Бундан ташқари, ходимнинг даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, мажбурий пенсия бадаллари ва тиббий суғурта бадаллари ушлаб қолинади. Натижада бухгалтерлар ҳар ойда ҳар бир ходим учун 7-8 тагача солиқ ва ижтимоий тўловларни ҳисоблашларига тўғри келмоқда. Бунда уларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳисоблаш базалари, чекловлар ва ҳисоб-китоб қоидалари кўзда тутилган.

“Тадбиркор қанчалик кўп ходимни ишга ёлласа, ҳисоб-китоб тизими шунчалик мураккаблашади ва умумий юклама ортиб боради. Кичик корхона бухгалтери ўз вақтини ривожланишга эмас, балки айнан бир хил иш ҳақидан олинадиган саккиз хил тўловни ижро қилишга сарфламоқда”, дейди Берик Бейсенгалиев.

Миллий иқтисодиёт вазирлигига юборилган депутатлик сўровида келтирилган маълумотларига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган умумий юклама 39,5 фоизга етган ва яқин йилларда 41 фоиздан ошиб кетиши мумкин.

Бейсенгалиевнинг фикрича, мураккаб маъмуриятчилик ва ортиб бораётган юклама бизнесни расмийлаштирилмаган бандликка ҳамда иш ҳақининг бир қисмини “конвертда” тўлашга мажбур қилиши мумкин.

Шу билан бирга, депутат ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва мажбурий пенсия бадалларини бекор қилишни таклиф этмаяпти.

Иш берувчининг ягона ижтимоий тўлови таркибига қуйидагиларни киритиш таклиф этилган:

  • Ижтимоий солиқ;
  • Ижтимоий бадаллар;
  • Иш берувчининг тиббий суғурта учун бадаллари;
  • Иш берувчининг мажбурий пенсия бадаллари.

“Бир ходим – бир база – бир ҳисоб-китоб – бир тўлов”, дея таклиф қилинаётган тизимни тавсифлаган депутат.

Тўлов қабул қилингандан сўнг давлат пулларни бюджет, Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси, Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси ва Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ўртасида мустақил равишда тақсимлаши лозим бўлади.

Бейсенгалиевнинг ҳисоблашича, бу ҳисоб-китоблар ва ҳисоботлар ҳажмини қисқартириш, компанияларнинг бухгалтерлик хизмати учун харажатларини камайтириш ҳамда ходимларни расмий ишга жойлаштиришни соддалаштириш имконини беради.

Депутат ҳукуматдан амалдаги юкламанинг иш ўринлари яратилиши ва хуфёна бандликка таъсирини баҳолашни, шунингдек, умумий белгиланган режимдаги кичик ва ўрта бизнес учун ягона ижтимоий тўловни жорий этиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.

Ҳозирча гап фақат депутатнинг таклифи ҳақида кетмоқда. Янги тўловни жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона тўловни ундириш механизми илгари махсус солиқ режимларидаги кичик ва ўрта бизнеснинг айрим тоифалари учун қўлланилган. У солиқ ва ижтимоий бадалларни битта тўлов билан ўтказиш имконини берарди, шундан сўнг маблағлар тегишли жамғармалар ўртасида тақсимланар эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда Мажлис депутати Озод Перуашев савдо марказларини реконструкция қилиш даврида улар учун солиқ таътилларини жорий этишни, шунингдек, савдо кўчмас мулки эгаларига махсус солиқ режимини қўллашга рухсат беришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Солиқ тиббий суғурта иш берувчи ижтимоий бадал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг