1 июлдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
19:30 1929 9 дақиқа
Солиқ тизимидаги соддалаштиришлар, туристлар учун янги электрон SIM-карталар, давлат томонидан қопланадиган сертификатлар, “болничный” тўловлари ва божлар, оширилаётган ойлик, бола пули ва ёрдам пуллари ҳамда 5 фоизга қимматлаётган электрон товарлар “растаможка”си. Ўзбекистонда 1 июлдан нималар ўзгаради? Қуйида QALAMPIR.UZ шулар ҳақида сўз юритади.
Солиқ тизимидаги ўзгаришлар
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июль санасидан бошлаб Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда солиқлар бўйича тўловларни амалга ошириш, ортиқча тўлов ва қарздорлик суммаларини ягона ғазначилик ҳисобварағи орқали ўзаро ҳисобга олиш тизимини жорий қилиши керак. Бу ҳақда 2025 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотидан сўнг имзолаган, белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича фармонида келтирилган.
Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилигида солиқлар учун битта ягона ҳисоб рақами бўлиши назарда тутилган бўлиб, солиқ тўловчи у ерга пул ўтказганида, тизимнинг ўзи қайси солиққа қанча керак бўлса, тақсимлаб олаверади. Яъни, тадбиркор ёки оддий фуқаро “ортиқча тўлаган пулимни бошқа солиғимга ўтказиб беринг” деб Солиқ идорасига ариза кўтариб бориши шарт бўлмайди. Ҳаммаси автоматик ҳисоб-китоб қилинади. Бироқ ҳозирча қўмита бу хусусда тўлиқ маълумот бермаган.
“Автокамерал” солиқ текшируви бекор қилинади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан бошлаб “автокамерал” солиқ текшируви бекор қилинади. Яъни, текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Шу билан бирга, 1 июлдан солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда аниқланган камчиликлар бир ой ичида бартараф этилган тақдирда, солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Ўзбекистонда Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилади. Бу ўтган йил ноябрь ойида Президентнинг Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантиришга оид қарорида белгиланган эди.
Унга кўра, янги платформа орқали хорижий сайёҳлар давлат чегарасидан ўтганида, уларнинг розилиги билан туристик электрон SIM-картага уланиши ва вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши автоматик тарзда амалга оширилади. Шунингдек, транспорт чипталарини ҳамда музей ва бошқа туристик объектларга кириш билетларини онлайн харид қилиш имконияти яратилади.
Платформа таркибида интерактив хариталар, аудио ва видео гидлар ҳамда онлайн трансляциялар орқали сайёҳларга туристик объектлар ҳақида маълумот берадиган рақамли гид хизмати ҳам ишлайди. Шунингдек, аҳоли “Soliq” мобил иловаси орқали дала ҳовлиларини соддалаштирилган тартибда ижарага бера олади.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлаш бошланади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан бошлаб суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади. Бу ҳақда 2025 йилнинг 17 декабрь куни ҳукумат қарори билан “Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Янги тартибга кўра, камида 6 ойлик суғурта стажига эга ходим касаллик варақаси олса, календарь йилидаги биринчи 5 кун учун нафақани иш берувчи тўлайди ва 6-кундан бошлаб 182 кунгача бўлган давр учун тўловлар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Тўловлар проактив тарзда, инсон омилисиз ҳисобланади ва ижтимоий картага автоматик ўтказилади. Нафақалар ҳар ой икки босқичда тўланади. Яъни, ойнинг биринчи ярми учун – 25 санагача, иккинчи ярми учун – кейинги ойнинг 10 санасигача. Нафақа миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи ва суғурта стажига қараб ҳисобланади. Бунда, 6 ойдан 8 йилгача суғурта стажи бўлса – ўртача иш ҳақининг 60 фоизи, 8 йилдан ортиқ суғурта стажи бўлса – 80 фоизи тўланади.
Коррупцияга қарши янги тизим
1 июлдан давлат идораларида коррупцияга қарши янги Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими босқичма-босқич жорий этилади. Аввало коррупцияга қарши ишлари натижаларига кўра “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат органлари ушбу тизимга ўтказилади. Тизимни белгиланган муддатда жорий этмаган ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига у тўлиқ йўлга қўйилгунча рағбатлантириш тўловлари тўхтатилади. Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигига асосланган коррупциянинг олдини олишнинг ягона тизими жорий этилади.
Шунингдек, “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси синов тариқасида ишга туширилади. У орқали коррупциянинг олдини олиш тизими иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашиш йўлга қўйилади. Бунда “E-Komplaens” модули ишга туширилиб, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади.
Маҳаллий ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланади
Президентнинг ўтган йил 6 февраль куни қабул қилинган “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар қўллаб-қувватланади ҳамда воситачи-брокер ва дилерларга давлат харидларида иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Бунинг учун мутасадди идора миллий иқтисодиётга қўшимча қиймат яратадиган ва ишлаб чиқариш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, эълон қилиб боради. Мазкур рўйхатга киритилган маҳсулотларни ўзлаштирган тадбиркорлар билан кафолатли харид шартномалари тузилади. Шунингдек, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида қўшимча баллга эга бўлади.
Бундан ташқари, жорий санадан бошлаб дастурларга киритилган лойиҳалар доирасида ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган, республикада ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи буюмлар 3 йил муддатга божхона божидан озод этилади.
Ўқитувчиларга миллий сертификат олиши учун субсидия ажратилади
Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган қуйидаги турдаги субсидиялар жорий этилади:
- ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатлар, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
- малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Қурилиш учун рухсат олиш ҳамда комунал тизим тармоқларига уланиш соддалаштирилади
2026 йил 1 июлдан қурилиш учун рухсат олиш ҳамда электр, газ, сув ва канализация тармоқларига уланиш жараёнлари соддалаштирилиб, барча хизматлар ягона ариза асосида кўрсатилади. Бу ҳақда жорий йил 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилган эди. Унда аҳоли ва тадбиркорлар қурилиш қилиш учун аввал лойиҳалашга рухсат олишга, кейин архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқишга алоҳида-алоҳида ариза бериб, ойлаб вақт сарфлаётгани танқид қилинганди. Тошкент шаҳрида 2 та хизматни бир босқичда кўриб чиқиш йўлга қўйилгани учун ҳужжатларни келишиш вақти 3-4 карра камайгани айтилиб, ушбу тажрибани 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш топшириғи берилганди.
Шунингдек, мажлисда электр, газ, сув ва канализацияга уланиш бўйича техник шарт олиш учун ҳам ҳар бир коммунал идорага алоҳида мурожаат қилиш меҳанизми бекор қилиниб, 1 июлдан битта ариза ва битта тўлов билан барча коммунал тармоқларга техник шарт олиш имконини яратиш вазифаси қўйилганди. Булар кейинчалик жорий йил 4 июнда Президентнинг тегишли фармони билан ҳужжатлаштирилиб, юридик кучга айлантирилган эди.
Смартфон ва ноутбуклар олиб киришда 5 фоизлик бож
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 13 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, 1 июлдан бошлаб айрим маиший техника ва электроника товарларини хориждан онлайн харид қилишда 5 фоиз ягона божхона тўлови жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, бу қуйидаги товарларга тааллуқли: смартфон, ноутбук, планшет, колонка, миксер, шарбат чиқаргич, соч қуритгич, электр чойнак, мультипиширгич, дазмол ва бошқалар. Шунингдек, 30 та позициядаги товарлар, жумладан, кийим-кечаклар, пойабзал, соатлар, хотира қурилмалари, қувватлагич, фонарь, қулоқчин, монитор ва проекторлар, видеоўйин аппаратлари каби товарлар учун эса қўшилган қиймат солиғи ва 3 фоиз миқдорида божхона божи тўланади.
Қолаверса, халқаро даражада рўйхатдан ўтган машҳур бренд товарлари (яъни расмий брендлар) энди Ўзбекистонга олиб кирилиб, “айланма йўл” билан сотилишига чеклов қўйилади. Аниқроқ айтганда, бундай товарларни бонд омборига жойлаб, кейин махсус онлайн платформалар орқали сотиш тақиқланади.
Электр тежамкорлиги бўйича мажбурият
1 июлдан давлат идоралари ва давлат корхоналарининг янги қуриладиган ҳамда таъмирланадиган бинолари энергия тежамкорлиги бўйича камида “С” тоифасига мос бўлиши мажбурий бўлади. Яъни бундай бинолар электр, газ ва иссиқлик энергиясини камроқ сарфлайдиган стандартларга жавоб бериши керак бўлади. Бироқ бунда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақдаги Президент фармони жорий йил 29 апрель куни қабул қилинган эди.
Солиқ тизимидаги енгиллик
Жорий йил 29 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонига асосан, Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 июлдан бошлаб камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилганда солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёнини тўлиқ автоматлаштиради. Яъни, солиқда муаммо бўлиб, банк ҳисоби тўхтатилган бўлса, кейин солиқ талаб қилган ҳужжатлар ёки тушунтиришлар берилса, ҳисоб автоматик равишда ўзи қайта ишлайди.
Ошаётган бола пули ва энг кам ойлик иш ҳақи
Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедовнинг “Ахборот 24” дастурида маълум қилишича, мудофаа ишлар органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақи миқдори жорий йил 1 июлдан 20 фоизга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан пенсиялар ва нафақалар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 7 фоизга оширилади. Бу ҳақда Президент имзолаган “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонда белгиланган.
Бунда:
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 983 000 сўм;
- ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
- 3 ёшгача бўлган 1 та кичик фарзанди учун – 386 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1 та фарзанди учун – 295 000 сўм;
- оиланинг 2-фарзанди учун қўшимча – 177 000 сўм;
- оиланинг 3- ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 118 000 сўм;
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 450 000 сўм этиб белгиланади.
Шу билан бирга, 1 июлдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 504 000 сўм этиб белгиланади.
Live
Барчаси