Даромади декларация қилинмаган “халқ хизматчилари” халқнинг ҳамёнини назорат қилмоқчи...ми?
Жамият
−
02 Май
15988Ҳукумат яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича "яширин" ҳужжат лойиҳасини тайёрламоқда. Қарор матни ҳали жамоатчиликка очиқ тақдим этилгани йўқ, аммо бир қанча нашрлар ҳужжат билан танишиб чиқиб, ундаги янги нормалар ҳақида аҳолига маълумот берди. Ушбу “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида акс этган янги тартиблар кам вақт ичида жамоатчиликнинг кўплаб муҳокама ва эътирозига сабаб бўлиб улгурди. Хўш, ундан фуқаролар манфаатларига зид қандай ташаббуслар ўрин олган эди?
Қарор лойиҳасида илгари сурилган асосий таклифлар:
- 2024 йил 1 июлдан бошлаб нақд пулда амалга оширилган тўловлар учун кешбек қайтаришни бекор қилиш;
- солиқ органлари ходимларига солиқ тўловчининг ҳудудига кириш ва бинони кўздан кечириш ваколатини бериш;
- картадан-картага ўтказмалар (п2п) жисмоний шахслар учун йилига 100 миллион сўмлик, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўмлик лимитдан ошиб кетса, ушбу операциялар бўйича Марказий банк ва Солиқ қўмитаси ўзаро маълумот алмашиш;
- қурилиш корхоналари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари реализация қилинганда солиқ базасини аниқлашда ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдорлардан келиб чиқиб ҳисоблаш;
- уй-жой, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари сотувини фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш;
- товар ва хизматлар нархи 3000 доллардан ошиқ бўлганда, тўловларни фақат нақд пулсиз шаклда амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси қанчалик адолатли?
Қарор лойиҳасининг жамоатчиликни жунбишга келтираётган асосий жиҳати шундаки, Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Конституцияси ва “Банк сири” тўғрисидаги қонунга қарши равишда банк карталари эгаларининг молиявий маълумотларига эга бўлиши мумкин. Солиқ қўмитаси бундан олдин ҳам картадан-картага ўтказмаларини текширишга бир неча маротаба уринган. 2020 йилда қўмита банклардан жисмоний шахсларнинг барча карталарига 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушса ва картадан-картага транзаксиялари сони 10 тадан ошса, бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилишни талаб этувчи қарор лойиҳасини илгари сурганди. Билдирилган кўплаб норозиликлар туфайли лойиҳа қабул қилинмаган. Солиқ қўмитасининг бу бўйича ҳаракатларини Савдо-саноат палатаси, Сенат, Uzcard ва Марказий банк ҳам қоралаган эди.
Яширин иқтисодиётга қарши курашишни ният қилган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам, Солиқ қўмитаси ҳам негадир тадбиркорлар ва фуқароларни яширин иқтисодиёт билан шуғулланишга мажбур қилаётган омилларга эмас, яширин иқтисодиёт билан шуғулланадиганларга қарши курашаётгандек. Шу орқали қўмитанинг жисмоний шахслар, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари устидан назорат ўрнатишга уринаётгани ҳам бор гап.
Иқтисодчи Отабек Бакиров янги лойиҳани “Деталларида иблис яширинган ёмон лойиҳа”, деб атади.
…Бу ёмон лойиҳа, гарчи қатор конструктив қадамларни кўзда тутган бўлса ҳам, чунки унинг орасида, билибми, билмайми, атайинми ё кўр-кўрона равишда яширин иқтисодиётга қарши курашда ёрдам берадиган эмас, эртага одамлар ва ҳимояти йўқ кичик бизнес устида портловчи "миналар" жойлаштирилган”, деб ёзади Бакиров ўзининг Telegram каналида.
“Давлетовуз” Telegram канали муаллифи эса қуйидагича фикр билдирди:
"Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари (ҳозирча лойиҳа кўринишида) ижобий таклифлар билан бир қаторда, баҳсталаб, Солиқ қўмитасига яна мутлақ ва назоратсиз ваколатларни тақдим этиш хавфини оширган. Энг ёмони, ушбу идора имкон бўлдики, ўзига қўшимча ваколат ва инструмент олишга интиляпти. Эртага кеч бўлади, бугун ўйлаш керак.
Битта нарсани унутмаслик керакки, ҳозирги бюджет тақчиллигини юзага келтирганлар одамлар, кичик ва ўрта тадбиркорлар эмас, балки ҳисобдорлигини унутган ҳукуматнинг палапартиш сарф-харажати, монополия, йирик бизнес олаётган имтиёз-у субсидиялар оқибатидир (Мабодо муаммо шунда бўлса). Шунинг учун ҳам икки оёқ бир этикка тиқилган пайт қора халқнинг чўнтагига қўл тиқишга уриниш адолатсизликдан бошқа нарса эмас”.
Солиқ қўмитаси нима дейди?
ОАВдаги танқидий мақолалар ва ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозлардан сўнг 1 май куни Солиқ қўмитаси қарор лойиҳаси билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди:
“Солиқ қўмитаси ҳар бир солиқ тўловчининг фикр ва мулоҳазаларини ҳурмат қилади! ...“Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳазасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Жамоатчилик муҳокамалари (тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсиялари) асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир этувчи тартиб-таомиллар ва талаблар бартараф этилгандан сўнг лойиҳа Ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади”, дейилади қўмита муносабатида.
Аммо баъзилар жамоатчиликни тинчлантиришга қаратилган бу каби гапларга ишонмайди. Масалан, Бакиров Х'даги саҳифасида шундай ёзди:
“Солиқчилар мақсадларидан вақтинча чекинди, деб ўйлаганлар қаттиқ янглишади. Бюджет бўм-бўш, захираларнинг таги кўринган, қарзлар ўзини ўзи қайтармайди. Ўзбекистонни талаётган олигархлар, шимолдагилар, монополистларга, солиқчиларнинг тиши, афсуски, ўтмайди. Шунинг учун ҳали қўшин тўплаб қайтишади. Керак бўлса, умуртқасизлар ҳам”.
Дарҳақиқат, 2020 йилда банк карталари маълумотларига эга чиқишдан қайтарилган қўмита яна бу ваколатга эга бўлишга уриняпти. Бундан мақсад солиқчилар иддао қилганидек, яширин иқтисодиётга қарши курашишми? Картадан-картага ўтказмалар бўйича белгиланган лимит акс таъсир кўрсатиб, нақд пул шаклидаги тўловлар миқдори ортиши, бизнес эгалари ўз фаолиятини яширишга яна-да кўпроқ ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳақида солиқчилар ўйлаб кўрдими? Умуман олганда, нега тадбиркорлар солиқ тўлашдан қочяпти? Уларни солиқ тўлаб, давлат ҳимояси остида бемалол тадбиркорлик қилиш имконияти турганда, юрак ҳовучлаб, яширинча фаолият олиб боришга нима мажбурламоқда? Ҳукумат олдида турган биринчи вазифа юқорида турган саволларга жавоб топиш эмасми?
“Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”
Ҳукумат тўрт йил ичида бир неча маротаба оддий фуқаролар, яширинча тадбиркорлик қилаётганларнинг банк карта маълумотларини олишни кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқишга улгурди. Лекин мана 2021 йилдан буён давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларация қилишга оид тайёр қонунни тасдиқлаб беролмаяпти. Йодингизда бўлса, Президент Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди. Ҳа, деганда энди катталарнинг мол-мулки хатловдан ўтказилади. Нафақат ўзи, балки қариндошлари ҳам бойиб кетолмайди, дейишди.
Бироқ, ҳалигача бу қонундан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг QALAMPIR.UZ'га берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Шу-шу, бу қонундан дарак йўқ.
Яширин иқтисодиёт, коррупция, ўғриликка қарши кураш, тинтув, суриштирув ўтказилса, нега ҳукумат намуна кўрсатиб, буни ўзидан бошлаши керак эмас? Мол-мулки ва даромадлари ошкор қилинмайдиган, бир неча ўн йиллардан буён декларациядан ҳам ўтказилмаган “халқ хизматчилари” халқнинг чўнтагига келиб тушаётган пулларини санашга ҳақлими?
LiveБарчаси