Бюджет. Тешик тоғора
Таҳлил
−
13 Февраль
11483Ҳар йили давлат бюджети ишлаб чиқилади, ҳар йили рақамлар ошади ва ҳар йили саволлар ҳам ортади. 2025 йилда қайси вазирликка қанча маблағ ажратиляпти? Харажатлар ўзини оқлаяптими? Ҳар йили фалон пул ажратилса ҳам нега соҳаларда ўзгариш, силжиш бўлмаяпти деган саволлар кўп берилади. Айниқса, ҳам пул ажратилса, ҳам нархлар оширилса ва уйингизда “свет” ё газ бўлмаса…
Мақолада бюджет тақсимотини бир неча вазирликлар мисолида атрофлича кўриб чиқамиз. 1 январдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, деярли барча вазирликларга ўтган йилгидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратилмоқда.
Масалан, 2024 йилда салкам 50 триллион сўм олган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бу йил 59 триллион 164 миллиард 225 миллион сўм маблағ ажратилмоқда. Масала моҳияти шундаки, ажратилган шунча маблағ ўзини оқлаяптими? Мазкур вазирлик бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдори бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан кейин иккинчи ўринда туради. Агар вазирлик бюджетдан ажратилаётган пуллар эвазига кўзда тутилган йиллик ишларни бажараётган бўлса, нега баъзи мактабларда шароитлар ҳамон оғирлигича қолмоқда? Нега баъзи ҳудудларда бошланғич синфлар бошқа мактабда, юқори синфлар бошқа маҳалла мактабида ўқимоқда? Нега баъзи ўқувчилар қишда музлаб ўқишга мажбур бўлмоқда? QALAMPIR.UZ’нинг “Молхонада ўқиётган авлод” сарлавҳали суриштирувида 100 ёки 50 йил олдинги эмас, айни шу кунлардаги ҳолат акс этган. Ҳа, биз “ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар” ҳақида бонг ураётган бир пайтда қайсидир мактаб ўқувчилари оёғи синиқ стул ва қийшиқ партада билим олишга, исиниш учун “отопления”ни “қучоқлаб” ўтиришга маҳкум. Демакки, 2024 йилда бюджетдан вазирликка ажратилган салкам 50 триллион сўм маблағ ҳам етмаяпти ёки етказилмаяпти. Тўғри, бир қанча ҳудудларда янги мактаблар қуриляпти, аммо уларнинг талабга жавоб бериши ёки бермаслиги алоҳида масала.
Буни нафақат фаоллар, балки фарзандини мактабга олиб борадиган ота-оналар ҳам пайқамоқда. QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган ота-оналардан бири улар яшайдиган уйга энг яқин мактаб 4-5 км масофада бўлгани боис, фарзандлари турли об-ҳаво шароитларида ҳам қийналиб мактабга бориб келишга мажбурлигини айтмоқда.
“Қишлоқ жойда яшаганимиз учун болаларим узоқдаги мактабга пиёда бориб келишига тўғри келади, 4-5 км бориш ва яна шунча қайтиш. Йўл ҳам текис асфальт эмас. Болалар масофани қисқартириш учун зовурлар ва сойлардан ўтишади, бу эса хавфли, албатта. Қорли, ёмғирли, изғиринли кунларда айниқса, қийин. Аммо билим олиш керак, бормасдан илож йўқ. Шунча узоқдан қийналиб борганга яраша мактаб ҳам ҳамма талабга жавоб бермайди. Ўқитувчилари яхши, лекин жиҳозлари кам ёки эски”, дейди икки фарзанди ўқувчи бўлган аёл.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан кам танқид қилинмайдиган ташкилотлардан яна бири бор. Бу – Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 2017 йилдан то бугунга қадар 5 та вазирни кўрган вазирликка 4 триллион 999 миллиард 839 миллион сўм ажратилмоқда. Бу ўтган йилги суммадан салкам 250 миллиардга кўп. Маълумотлар ўрганилса, вазирликка сўнгги уч йилда 15 триллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Лекин одамлар баъзи кўриклардан ўтиш, таҳлилларни топшириш учун хусусий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур. Чунки кўпинча давлат кўп тармоқли поликлиникаларида бундай аппаратлар ёки лаборатория технологиялари йўқлиги айтилади. Шунингдек, ўрин етишмаганидан ерда ётган туғуруқхоналардаги аёллар ва эскилигидан ёмон шароитга келиб қолган шифохоналарга ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Қолаверса, бу дориларни ўзимизнинг пулимизга олганмиз деган важ билан қўшимча пул олинадиган “бепул хизматлар” ҳам кўп. Маош камлиги баҳонасида қилинадиган “олди-бердилар” эса алоҳида мавзу. Саломатлик туфайли тез-тез поликлиникага бориб турадиган аёлнинг айтишича, аппаратлар етишмаслиги уларга қимматга тушади.
“Туман поликлиникасида навбат жудаям кўп бўлади, соатлаб кутамиз, гоҳида жанжал бўлиб кетади. Баъзида эса қанақадир аппаратлар йўқлиги учун вилоят марказига узоқ йўл босиб боришга тўғри келади. Бунга кун бўйи вақтимиз ҳам кетади. Туман “болнитса”си эскирган, совуқ, айниқса ётиб даволанадиганларга қийин”, дейди у.
Республикадаги барча вазирлик ва идораларга ажратиладиган тийинларни ҳам ҳисоби-ю расамадини қиладиган Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу йил ҳам анча пул ажратилган – 96 триллион 34 миллиард 852 миллион сўм, бошқача айтганда, 7 миллиард 391 миллион АҚШ долларидан ортиқ пул. Маълумот учун, вазирликка ўтган йили бундан қарийб 1 триллион 350 миллиард сўм кўпроқ пул берилганди. Бутун бошли давлат молиясини бошқарувчи бу вазирликка давлат қарзини ва фискал хатарларни бошқариш вазифалари ҳам юклатилган. Хўш, вазирлик ўзига юклатилган вазифаларни қанчалик уддалай оляпти? Ушбу саволга иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов қуйидагича жавоб берди:
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида 2023 йилдан бошлаб, давлат бюджети дефицити суммасининг номинал ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Бу халқаро амалиётда умумқабул қилинган кўрсаткич ҳам ҳисобланади. Аммо ҳозирга қадар бу кўрсаткичга эришилмади”.
Шунингдек, профессорнинг сўзларига кўра, мамлакат ташқи қарзининг ўсиб бориши аллақачон ўзининг салбий жиҳатларини намоён қилмоқда.
“Ўзбекистоннинг ташқи қарзи шиддат билан ўсиб бормоқда. Бу эса бир кун келиб ички валюта бозоридаги хорижий валюталарга бўлган талаб билан хорижий валюталар таклифи ўртасидаги мувозанатга салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда миллий валютанинг кескин қадрсизланиши юз беради. Бунинг устига ташқи қарзнинг энг катта қисми давлат бюджети харажатларини молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Бу эса инфляцияни янада кучайтиради”, дейди у.
“Барча йўллар Римга элтади” деганларидек, вазирликлар, маблағлар ва бюджет масаласи кўтарилар экан, гап ўз-ўзидан Энергетика вазирлигига бориб тақалади. Мазкур вазирликка 2025 йил учун 123 миллиард сўм ажратилди. “Энергетик”лар 2024 йил учун 333 миллиард 765 миллион сўм олган эди. Энергетика вазирлиги ёзда ҳам, қишда ҳам доим трендда! Чунки энергетика тизими ерости ва ерусти бойликларига тўла Ўзбекистон учун доим муаммоли масала бўлиб келган. Қиш келяпти дегунча газ муаммоси, ёз келяпти дегунча ток муаммоси бир-бирини қувиб юради. Аҳолини энергетик ресурслар етишмаслигидан ташқари, уларнинг нархи ва қўйилган лимит ҳам ўйлантиради. Ўтган йилнинг 1 майидан тўловлар деярли икки баробарга оширилганига қарамай, ҳамон бу соҳани субсидиялаш давом этмоқда.
Хусусан, 2025 йилда бюджет даромадларининг 8,2 фоизи соҳаларни субсидиялашга ажратилмоқда. Қизиғи, умумий қиймати 28,3 триллион сўмни ташкил этган субсидиянинг катта қисми – 12,3 триллион сўми энергетика соҳасига йўналтирилади. Бюджет лойиҳаси тасдиқланган иккинчи ялпи мажлисда сенатор Анвар Тўйчиев Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга шу ҳақда савол берган.
“Ёқилғи, энергетика ресурслари нархларини шакллантириш мақсадида босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиляпти. Саволим шуки, бундай шароитда соҳани субсидиялаш бўйича ёндашувларимиз ҳам бозор тамойилларига мос равишда ўзгариб бориши керак эмасми? Субсидиялар тарифларга қандай таъсир кўрсатади?”, деган сенатор.
Бунга жавобан вазир Қўчқоров тарифлар ошган бўлса-да, энергетика соҳаси ҳамон ўзини ўзи қоплайдиган даражага етмаганини айтган.
“Биринчидан, тарифлар ҳалигача харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиққани йўқ. Иккинчидан, биз газнинг маълум қисмини импорт қиламиз. Тарифларни ўзини ўзи тўлиқ қоплайдиган тизимга ўтказишдан бошқа илож йўқ. Жорий йилдан тарифлар ошган бўлса, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2025 йилда ҳам тарифларни яна бир бор кўтариш кўзда тутилган. Келгуси йил насиб бўлса, 1 апрелдан тарифлар яна ошади. Энергетикани субсидиялаш 2025-2026 йилларда ҳам давом этади, 2027 йилда кескин камаяди ва 2028 йилдан тўхтатилади”, деган у.
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, вазирнинг бу жавоби бир неча саволларни пайдо қилади.
“Энергетикани субсидиялаш яқин 3 йилда тўхтатилмас экан, нима учун энг катта субсидия ўзлаштирилаётган табиий газ бўйича экспорт тўхтатилмаяпти? Нима учун ҳам импорт, ҳам ўзимизда қазилаётган ва бюджетдан субсидиялашаётган газ махфий қарорлар ва яна кулранг схемалар билан экспорт қилинмоқда. Олигархик тузилмаларнинг чўнтагини тўлдиришдан ташқари яна қандай иқтисодий асоси бор бунинг?”, деган у Telegram каналидаги постида.
QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган фуқаронинг айтишича, тариф нархлари ҳам чўнтакка яраша бўлиши керак.
“Тўғри, энергия – қимматли ресурс. Уни ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиш ҳам арзон эмас, аммо одамлар чўнтаги ҳам шунга яраша бўлиши керак-да! Бугун маош ошса, эртага нарх ҳам ошади. Шунда икки ўн беш – бир ўттизлигича қолади”, дейди у.
“Азага келган ўз дардини айтиб йиғлайди” деганларидек, бюджет лойиҳаси кўриб чиқилаётган ялпи мажлисда ҳам энергетиканинг “бедаво” муаммолари ёдга олинган ва қашқадарёлик сенатор Абдураҳим Иркаев одамларни қийнаётган тарифлар ва лимитлар масаласини кўтарган.
“Бир хонали “дом”да уч киши яшайдиганга ҳам 200 кВт, тўрт хонали “дом”да 7-8 киши бўлиб яшайдиганларга ҳам 200 кВт. Шунингдек, газ бўйича ҳам шундай лимитлар ўрнатилган. Айниқса, ҳовлида яшайдиган оилаларда эҳтиёж ва ўз навбатида харажат кўпроқ бўлади. Менимча, бу тўғри эмас. Бу ҳозир муҳокама қилаётган мавзуйимизга бевосита боғлиқ эмас, лекин аҳолидан тушадиган саволни қўшиб кетдим”, деган у.
Албатта, бюджет фақат юқорида айтганимиз 4 вазирликнинг ўзига ажратилмаган. Бошқалар ҳам бор. Маълумот учун, бюджет тўғрисидаги қонунда 2025 йилда бошқа вазирликларга ажратилган маблағлар қуйидагича тақсимланган:
- Сув хўжалиги вазирлигига – 10 триллион 410 миллиард сўм; ўтган йилда эса 10 триллион 177 миллиард 786 миллион сўм.
- Транспорт вазирлигига – 6 триллион 714 миллиард сўм; ўтган йилда эса 6 триллион 738 миллиард 797 миллион сўм.
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига – 6 триллион 280 миллиард сўм; ўтган йилда эса 5 триллион 778 миллиард 32 миллион сўм.
- Соғлиқни сақлаш вазирлигига – 5 триллион 94 миллиард сўм; ўтган йилда эса 4 триллион 751 миллиард 177 миллион сўм.
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига – 1 триллион 992 миллиард сўм; ўтган йилда эса 1 триллион 842 миллиард 683 миллион сўм.
- Қишлоқ хўжалиги вазирлигига – 1 триллион 794 миллиард сўм; ўтган йилда эса 1 триллион 864 миллиард 176 миллион сўм.
- Маданият вазирлигига – 1 триллион 172 миллиард сўм; ўтган йилда эса 1 триллион 5 миллиард 382 миллион сўм.
- Спорт вазирлигига – 1 триллион 135 миллиард сўм; ўтган йилда эса 1 триллион 509 миллиард 109 миллион сўм.
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига – 1 триллион 116 миллиард сўм; ўтган йилда эса 917 миллиард 419 миллион сўм.
- Ташқи ишлар вазирлигига – 1 триллион 27 миллиард сўм; ўтган йилда эса 759 миллиард 271 миллион сўм.
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига – 1 триллион 9 миллиард сўм; ўтган йилда эса 896 миллиард 966 миллион сўм.
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига – 927 миллиард сўм; ўтган йилда эса 826 миллиард 658 миллион сўм.
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига – 733 миллиард сўм;
- Рақамли технологиялар вазирлигига – 532 миллиард сўм; ўтган йилда эса 345 миллиард 81 миллион сўм.
- Адлия вазирлигига – 322 миллиард сўм; ўтган йилда эса 239 миллиард 581 миллион сўм.
Режалар тузилади, пуллар ажратилади. Йил якунида эса яна ҳал қилинмаган муаммо, ечимини топмаган масала ва эътибордан четдаги таклифлар қолаверади. Бу ҳар йили шу тақлид давом этадиган ҳолат. Аммо гап бюджет ҳақида кетар экан, пуллар халқ чўнтагидан чиқаётганини унутмаслик керак.
LiveБарчаси