Тўлов топшириқномаларини юборишда нега муаммо юзага келяпти? Изоҳ берилди
Жамият
−
19 Сентябрь
3469Ижтимоий тармоқларда тўлов топшириқномаларини юборишда муаммолар бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Солиқ қўмитаси изоҳ берди.
Маълум қилинишича, айрим банклар жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб огоҳлантирмасдан янги ахборот тизимларига ўтган ва бу ҳақда қўмитани хабардор қилмаган. Банк дастурчилари янги тизимга ўзгартиришлар киритаётгани сабабли баъзи тўлов топшириқномалари бажарилмаган.
Жумладан, шу ой бошидан “Тенгебанк” 2439 та топшириқномадан 413 тасини ва “Капиталбанк” 4287 та топшириқномадан 740 тасини бажармасдан қайтарган.
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси томонидан мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётган ҳар иккала банк камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва бунинг учун Солиқ кодексида белгиланган жавобгарлик чоралари тўғрисида расман огоҳлантирилган.
Маълумот учун, тўлов топшириқномалари мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка маълум бир суммани ўз ҳисобидан бошқа ҳисобрақамга ўтказиш тўғрисидаги топшириғи. Бу етказиб берувчилар ва харидорлар, солиқ резидентлари ва солиқ органлари (солиқлар, йиғимлар, жарималар ва бошқалар), иш берувчилар ва ходимлар (иш ҳақи, бонуслар) ўртасида операцияларни амалга ошириш учун зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилаётгани ҳақида хабар берилганди. Киритилаётган ўзгартиришга кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жавобгарлик янада либераллаштирилмоқда.
LiveБарчаси