Солиқ кодексида назарда тутилган молиявий санкциялар миқдорлари камайтирилмоқда
Жамият
−
18 Май
3550Ўзбекистон Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун бугун, 18 май куни Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Киритилаётган ўзгартиришга кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жавобгарлик янада либераллаштирилмоқда. Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизини ташкил этади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори йигирма фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.
Қайд этилишича, аввал тадбиркорлар ушбу қонунбузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлган. Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.