Сохта ҳужжат билан 428 млн сўм кредит олганлар ушланди
3-саҳифа
−
13:19 1681 1 дақиқа
Фарғона вилоятининг Қува туманида беш киши сохта ҳужжатлар асосида банкдан 428,8 млн сўм кредит олгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Қува туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу ҳолат аниқланган.
Текширув давомида беш фуқаро ўзаро тил бириктириб, амалда ҳеч қаерда расман ишламаган бўлса-да, ўзларини Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм хизматчилари сифатида кўрсатгани маълум бўлган.
Улар сохта меҳнат шартномалари ҳамда иш ҳақи олганликлари тўғрисидаги маълумотномаларни тайёрлаб, тижорат банкининг Қува туман филиалига тақдим этган. Шундан сўнг мазкур ҳужжатлар асосида жами 428,8 млн сўм кредит маблағини олган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани прокурори ёрдамчиси фуқародан 600 млн сўмлик имтиёзли кредит олиб бериш ва автомобиль олди-сотдиси масаласини ҳал қилиш эвазига 12 минг доллар талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиПромис Девидни интервью чоғида ари чақиб олди
27 Сентябрь