Сиёсий ирода бўлмагани учун ҳаммамиз пахтага қул эдик – Шавкат Мирзиёев (видео)

Жамият

image

Аввал сиёсий ирода йўқлиги сабабли Ўзбекистонда ҳамма пахтага қул бўлган. Бу ҳақда кеча, 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами арафасида лойиҳаларни ишга тушириш маросимида сўз очди.

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистондаги аввалги даврлардаги пахтага қарамлик даврини эслаб, ўша йилларда аҳоли йил давомида пахта ишларига жалб этилганини қайд этган.

“Сиз олиб бораётган сиёсатингиз билан ўзбек халқини, Янги Ўзбекистонни бутун дунёга тан олишга мажбур қилдингиз. Охирги 10 йил давомида асрга татигулик, залворли, мазмунли тарих яратиб бердингиз. Конвертация масаласи қандай эди илгари? Буни тўғрилаб бердингиз. Коллеж деган бир бало бўларди, ҳамма одам кўчада эди. 11 йиллик таълим тизимини, илмга асосланган нарсани жой-жойига қўйиб бердингиз”, дейди Эркинжон Турдимов.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқалари мустаҳкамланиб, дўстона муносабатлар йўлга қўйилган. Шунингдек, у аввалги йилларда мамлакат пахтага тобе бўлганини, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам пахта далаларидан чиқмаганини эслаб, бу ҳолат ўз-ўзидан ўзгармаганини таъкидлаган.

“Лекин ҳамма у қулликни унутиб юборди. Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик. 24 соат, 12 ой шудгор, чигатка, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмасдик”, дейди Шавкат Мирзиёев ҳокимнинг гапларига жавобан.

Шунингдек, Эркинжон Турдимов тадбиркорларга яратилган имкониятлар ҳақида ҳам гапирган.

“Яна бир нарса, мана тадбиркорлик бўйича кенг йўл очиб бердингиз. Умуман кутмаган, тарихий қарорларни қабул қилдингиз. Озарбайжон Президенти, жаноб Алиев кеча шуни бежизга айтгани йўқ. Шавкат Миромонович қилган катта ишлар ва ислоҳотлар бўлмаганида, бирорта ҳам ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширишнинг имкони бўлмас эди”, дейди Сирдарё вилояти ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Ўзбекистонда “электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетгани ҳақида гапирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг