“Сиёсатчилар учун хавф”. Эпштейннинг ранчоси бўйича тергов ўтказилади
Олам
−
17 Февраль 3842 2 дақиқа
АҚШнинг Нью-Мексико штати қонунчилари марҳум молиячи Жеффри Эпштейнга тегишли бўлган Зорро ранчосида юз берган воқеалар юзасидан илк тўлиқ кўламли терговни бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Эпштейн одам савдоси ва жинсий зўравонликда айбланган эди. Бу ҳақда бугун 17 февраль куни “Reuters” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, тўрт нафар қонунчидан иборат икки партиявий қўмита тузилади. У эҳтимолий зўравонлик қурбонлари ҳамда маҳаллий аҳоли кўрсатмаларини йиғиш билан шуғулланади. Ранчо штат пойтахти Санта-Фе шаҳридан тахминан 50 километр жанубда жойлашган. Комиссия ранчога келган меҳмонлар ҳамда у ерда содир бўлган воқеалардан хабардор бўлиши ёки тахмин қилинаётган жиноятларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган мансабдор шахсларнинг шахсини аниқлашни мақсад қилган.
Жеффри Эпштейн 2019 йилда Нью-Йорк қамоқхонасида федерал даражадаги жинсий эксплуатация мақсадидаги одам савдоси айбловлари бўйича тергов остида бўлган пайтда ўз жонига қасд қилган.
Нашрнинг ёзишича, Нью-Мексикодаги ранчо аввалроқ федерал терговларнинг асосий эътиборидан четда қолган. Улар асосан Эпштейннинг Кариб денгизидаги хусусий ороли ҳамда Нью-Йоркдаги таунхаусига қаратилган. Шу билан бирга, юзлаб жабрланувчилар манфаатини ҳимоя қилган адвокат Сигрид Маккоулининг сўзларига кўра, кўплаб жабрланганлар айнан Нью-Мексикода зўравонликка дуч келган, маҳаллий сиёсатчилар ва бошқа шахслар эса содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиши мумкин.
Демократик партиядан штат депутати, ташаббус ҳаммуаллифи Андреа Ромеро Эпштейн “аслида бу штатда истаган ишини ҳеч қандай жавобгарликсиз қилганини” айтган. Унинг сўзларига кўра, қўмита томонидан тўпланган кўрсатмалар келгусидаги суд жараёнларида қўлланиши мумкин.
Бунгача АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн билан боғлиқ миллионлаб ҳужжатларни эълон қилган эди. Ҳозирги қонун лойиҳаси Нью-Мексико Вакиллар палатаси томонидан бир овоздан қабул қилинган ва Эпштейн билан алоқадор бўлган ҳамда ранчога ташриф буюрган сиёсатчилар ва бошқа юқори мартабали шахслар учун хавф туғдириши мумкин.
Қўмита ишни бугун, 17 февраль куни бошлайди. Дастлабки натижалар июль ойида тақдим этилиши, якуний ҳисобот эса йил охирига қадар эълон қилиниши режалаштирилган. Бир нечта фуқаролик даъволарида Эпштейн Зорро ранчосида вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланмоқда, бироқ ушбу эпизодлар бўйича унга расмий айблов қўйилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Бош прокурори Пэм Бонди Жеффри Эпштейн ишига доир ҳужжатларда тилга олинган 300 нафар машҳур шахс ва сиёсатчи исмидан иборат рўйхатни эълон қилганди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль