Сингапур 20 йил ичида биринчи марта аёл кишини қатл қилади
Олам
−
26 Июль 2023
16970Сингапур ҳукумати 20 йил ўтиб, биринчи марта аёл кишини қатл қилиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда Transformative Justice Collective ташкилоти хабар берди.
Маълум қилинишича, 45 ёшли Сариде Жамани 2018 йилда гиёҳванд моддалар сотишга уринишда айбланиб, қўлга олинган. У жорий йилнинг 28 июль куни қатл этиши мумкин.
Мамлакат суд тизимига кўра, қотиллик, одам ўғирлаш ва 500 граммдан ортиқ наша, 15 граммдан ортиқ героин тарқатганлик учун ўлим жазоси тайинланади. Маҳкум 2004 йилдан буён Сингапурда ўлим жазосига ҳукм қилинган биринчи аёл бўлди.
Бунинг ортидан Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси ҳамда Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш халқаро кенгашини Сингапур устидан босимни кучайтиришга чақирди.
“Сингапур ҳукумати гиёҳванд моддаларни назорат қилиш номи билан қатллар сонини кўпайтираётгани ачинарли. Бутун дунё ўлим жазосини бекор қилиб, гиёҳвандлик сиёсатини ислоҳ этаётган бир пайтда, Сингапур расмийлари бунга қўшилмаяпти”, дейилади ташкилот баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда 25 нафар болани заҳарлаган боғча тарбиячиси ўлимга ҳукм қилинган эди. У 2019 йилнинг 27 март куни ҳамкасбидан ўч олиш учун унинг гуруҳидаги болаларнинг бўтқасига заҳарли модда қўшиб қўйган.