Швециядаги мактабда даҳшатли отишма содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Кеча, 4 февраль куни Швециянинг пойтахт Стокгольмдан 200 км ғарбда жойлашган Эребру шаҳридаги таълим муассасасида содир бўлган отишма оқибатида ўнга яқин одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Expressen” хабар берди.

Эребру Швециянинг олтинчи йирик шаҳри бўлиб, унда тахминан 125 минг киши яшайди. Отишма кеча, 4 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да содир бўлган. У Комвукс деб номланган катталар таълим марказида рўй берган. Ушбу марказ асосан бошланғич ёки ўрта мактабни тугатмаган кишилар учун мўлжалланган.

Ушбу марказ бир неча таълим муассасалари жойлашган йирик кампус таркибига киради, улардан бири эса болалар мактаби ҳисобланади. Дастлабки хабарларда ҳодиса содир бўлган жой “мактаб” сифатида кўрсатилган.

Воқеа содир бўлгач, полиция, шифокорлар ва қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Шаҳар расмийлари аҳолини ушбу ҳудуддан узоқроқ юришга чақирган. Ҳодиса жойидан олинган суратларда ўнлаб қуролланган полициячилар, кўплаб тез ёрдам машиналари ва фавқулодда хизмат автомобиллари акс этган. Дастлаб полиция беш киши жароҳатланганини билдирган эди.

“Ҳозирча бу ҳодиса қотилликка суиқасд, ёнғин чиқариш ва оғир қуролли жиноят сифатида баҳоланмоқда”, дейилганди полиция баёнотида.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш хизматлари барча жабрланувчилар шифохонага ётқизилганини, улардан бири оғир аҳволда эканини маълум қилган. Шундан сўнг, жароҳатланганлар сони олти нафарга етгани эълон қилинди.

Шаҳар полицияси бошлиғи Роберто Эйд Форест ҳодиса оқибатида тахминан 10 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Қурбонлар орасида ҳужумни содир этган шахс ҳам бўлиши мумкин. Бироқ полиция ҳали аниқ сонни ошкор қилмаган.

Форестнинг сўзларига кўра, отишмани содир этган шахс илгари ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушмаган, ҳеч қандай ташкилот ёки жиноий гуруҳ билан боғлиқ бўлмаган. Ҳозирча полиция бу ҳужумнинг терроризм билан боғлиқ эканини тасдиқламаган ва гумондорни якка ҳаракат қилган жиноятчи деб ҳисобламоқда.

Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон фавқулодда матбуот анжумани чоғида ушбу отишмани мамлакат тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса деб атаган. Унга кўра, бу “ҳеч қачон такрорланмаслиги керак бўлган фожиа”. Унинг ёнида турган Адлия вазири Гуннар Стрёммер ҳам шундай фикр билдирган ва Швецияда бундай миқёсдаги мактаб отишмаси илгари ҳеч қачон бўлмаганини таъкидлаган.

Вазир, шунингдек, ҳужум қилган шахс аввал полиция томонидан қайд этилмаганини тасдиқлаган.

“Асосий гумондор ҳалок бўлганлардан бири бўлиб қолмоқда. Биз ҳозирча бу ҳужумнинг сабабларини билмаймиз”, дейди Стрёммер.

Расмийлар шаҳар аҳолиси учун ҳеч қандай қўшимча хавф йўқлигини айтиб, болаларни мактабга одатдагидек юбориши мумкинлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни АҚШнинг Теннесси штати Нашвилл шаҳридаги мактаб ошхонасида маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:00 да ўқувчи тенгдошини отиб ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилганди ва яна бир ўқувчини яралаган эди.  


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Швеция отишма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг