Швецияда партия раҳбари Қуръонни ёқиб юборди. Туркия огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
22 Январь 2023
40658Швеция ҳукумати Туркияда тақиқланган Курдистон Ишчилар партиясига алоқадор гуруҳларнинг Стокголм марказида ташвиқот намойишини ўтказишга рухсат берди.
Мазкур намойиш давомида эса Даниянинг ўта ўнгчи “Қаттиқ келишув” партияси раҳбари Расмус Палудан Қуръонни ёқиб юборган. Шу сабабли Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Швецияни НАТОга аъзолик бўйича мажбуриятларини бузганликда айблади. Бу ҳақда Туркия ТИВ сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади.
“Бу Швеция террорчилик ташкилотлари ташвиқотининг олдини олиш учун имзолаган уч томонлама меморандум мажбуриятини очиқдан-очиқ бузишдир. Курдистон Ишчилар партиясига алоқадор гуруҳларнинг шаҳар марказида давлатга қарши ташвиқот ўтказишига рухсат берилганини кескин қоралаймиз”, дейилади пресс-релизда.
Шунингдек, вазирлик Швециядан, айниқса, терроризмга қарши кураш соҳасида аниқ ва самарали қадамлар кутишларини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Швеция пойтахтида Туркияда террорчи ташкилот деб ҳисобланувчи Курдистон ишчилар партияси (КИП)ни қўллаб-қувватлаш учун норозилик намойиши бўлиб ўтганди. Акция чоғида Стокгольм мэрияси ёнида Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўхшаган қўғирчоқ оёқларидан осилиб қолди. Туркия ҳукумати бу ҳаракатни қоралади. Швециянинг Анқарадаги элчиси икки марта Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва норозилик билдирилди.
Маълумот учун, кеча, 21 январь куни Стокголмдаги Туркия элчихонаси олдида “Қаттиқ келишув” ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан томонидан намойиш бўлиб ўтди. Намойишда у Қуронни ёқиб юборганди. Палудан ўз нутқида НАТО, Туркия ва Эрдўғонни танқид қилиб, у Муҳаммад пайғамбар карикатурасини ҳам кўрсатган.
У партияга 2017 йилда асос солган, у YouTube’да исломга қарши кўплаб видеороликлари билан танилган. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи Қуръонни омма олдида ёқишини сўз эркинлигига ҳурмат ҳисобланади. Унинг партияси ислом динини тақиқлашни ва барча ғарбдан бўлмаганларни депортация қилишни талаб қилмоқда.
LiveБарчаси